Жасорат ва фидойилик ҳеч қачон унутилмайди
Хоразм вилояти ИИБ да ўтказилган навбатдаги “Маънавият ва маърифат дарси” ходимларнинг жасорати ва фидойилигини оширишда мотивация берди.
“Замондош ички ишлар органлари ходимларининг жасорати” мавзусида бўлиб ўтган ушбу машғулотда вилоят ички ишлар органларида узоқ йиллардан буён самарали хизмат қилиб келаётган фидойи ходимларнинг эришган ютуқлари тўғрисида сўз юритилиб, ёш ходимларга улардан ўрнак олиш тушунтирилди.
Шунингдек, мустақиллик йилларида Хоразм вилояти ички ишлар органларида ўз хизмат вазифасини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган 6 нафар ходимнинг жасоратига алоҳида тўхталиб, уларнинг хотираси ҳамиша барҳаёт эканлиги айтиб ўтилди. Беги Дўст тахаллуси билан ижод қилиб келаётган, ички ишлар органлари фахрийси, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби, истеъфодаги катта сержант Бекмурод Усмонов томонидан ушбу мард ходимларнинг жасоратига бағишлаб ёзилган балладанинг шоир томонидан ўқиб эшиттирилганлиги иштирокчилар қалбини тўлқинлантириб юборди.
Ҳа, жасорат ва фидойилик ҳеч қачон унутилмайди, мард ўғлонларнинг қаҳрамонликлари авлодлар хотирасида мангу қолади.
Шунингдек, мазкур “Маънавият ва маърифат дарси” машғулотида вилоят ИИБ Юридик таъминлаш бўлими бошлиғи подполковник О.Жабборов томонидан шахсий таркибга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.03.2021 йилдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6196-сонли Фармони ва 02.02.2021 йилдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-5050-сон Қарори юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилганлиги, ходимларнинг соҳага оид билимларини янада чуқурлаштиришга ёрдам берди десак муболаға бўлмайди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати