9 Ноябр 2021 йил 367

“ЛИДЕР” республика босқичида иштирок этади

Ички ишлар вазирлигининг Хоразм академик лицейида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Беш ташаббус” доирасида ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ва билим кўникмаларини синовдан ўтказиш мақсадида “Жалолиддин издошлари” ҳарбий-спорт мусобақалари, “Компьютер дастурчиси билимдони”, “Энг яхши китобхон” танловлари ҳамда “Билимдон” интеллектуал ўйинлари  доимий равишда ўтказиб борилмоқда.

9 ноябрь куни академик лицейда ўқувчиларнинг билим кўникмасини синовдан ўтказиш  мақсадида “Заковат” брейн-ринг интеллектуал ўйинлари ўтказилди. Бунда Хоразм вилояти “Заковат” клуби координатори Азамат Маткаримов ҳамда “Заковат” клуби аъзоси Жалолиддин Тожиевлар ҳакамлик қилишди. Клуб аъзоларининг билимдонлик маҳорати ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мусобақанинг финал босқичига чиқиш “Хоразмшоҳлар” ҳамда “Лидер” жамоаларига насиб этди. Якуний беллашувда “Заковат” брейн-ринг ўйинларининг лицей биринчилигида  “Лидер” жамоаси мутлоқ ғолибликни қўлга киритди.

-Лицейимизда иқтидорли ўқувчилар кўпчиликни ташкил этади,-дейди академик лицейнинг Ёшлар иттифоқи етакчиси Рустам Болтаев.-Ушбу интеллектуал рингда бунга яна бир бор амин бўлдик. Энг билимдон, зукко ва зеҳнли ўқувчилар жамоаси пешқадам бўлди.

Ғолиб жамоа Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари ўртасида бўлиб ўтадиган  “Заковат” брейн-ринг ўйинларининг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 

                                                                         Элёрбек МАТЁҚУБОВ,

                                                            ИИВ Хоразм академик лицейи ўқув

                                                            бўлими мудири

Text to speech