21 Март 2024 йил 2478

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Равшан Иркинович Султанходжаевнинг “Наврўз" умумхалқ байрами муносабати билан йўллаган табриги

Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамкасблар, азиз фахрийларимиз!

Мана шу гўзал ва ҳаяжонли дамларда Сизларни улуғ айём – Наврўз байрами билан самимий табриклайман.

Бугун вилоятимизнинг шаҳар ва қишлоқлари, боғ ва майдонларида катта шод-у хуррамлик билан Наврўз сайиллари ўтказилмоқда. Қалбларимиз қувончга тўлиб турган ушбу дилбар лаҳзаларда барча ҳамкасбларимизни, қадрли фахрийларимизни, шунингдек хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлган касбдошларимизнинг оила аъзоларини чин дилдан қутлаб, барчангизга юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Шарқона янги йилимиз муборак бўлсин! Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ келсин!

Халқимизда тинч ва осуда юртга байрамлар, тўйлар ярашади деган пурмаъно ибора бор. Юртимиз тинчлигини таъминлашда ички ишлар органларининг ҳар бир ходими ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда десак асло муболаға бўлмайди. Хоразм вилоятида эса ички ишлар органларининг фахрийлари ёш ҳамда криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларда фаолият олиб бораётган профилактика инспекторларига ўзларининг бой ҳаётий ва иш тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда маслаҳатчи-мураббий сифатида яқиндан ёрдам бериб, ташаббус кўрсатиб келмоқдалар.

Шу қутлуғ айёмда Ватан равнақи йўлида қилаётган муносиб хизматингиз учун барчангизга миннатдорчилик билдираман.

Бугун вилоятимизда истиқомат қилиб келаётган эллик саккиз мингдан ортиқ ёшлар ички ишлар органларининг масъул ходимларига бириктирилиб, оталиққа олинди. Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган ушбу ёшларимиз энг юксак марраларни эгаллашлари учун барча имконият ва шароитларни яратиб берамиз.

Қадрли ҳамкасблар!

Барчангизни Наврўз умумхалқ байрами билан яна бир бор табриклайман. Фасли навбаҳор ҳар бир оилага, элу юртимизга тинчлик ва фаровонлик, бахту саодат олиб келсин!

Ҳурмат билан,

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи,

полковник

Султанходжаев Равшан Иркинович

Text to speech