29 Март 2024 йил 6745

Ноқонуний “майнинг” фермалари фош этилди

Ахборот технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган Ҳозирги даврда айрим ғараз ниятли шахслар бундан ноқонуний бойлик орттириш йўлида фойдаланишга уринмоқда.

Айниқса ноқонуний “майнинг” фермаларини ташкил этиш ва электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари сони ортиб бормоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Хоразм вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний фаолият олиб бораётган 5 та “майнинг” фермаси фош этилди.

Жумладан, Янгибозор тумани Янгиёп маҳалласида яшовчи, 1980 йилда туғилган, Ж.Т. ўз уйида 2 дона Antminer S11 русумли майнинг қурилмасини электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, ноқонуний тарзда фойдаланиб, туман электр тармоқлари корхонаси манфаатларига 320 000 000 сўм миқдорида зарар етказганлиги маълум бўлди.

Хонқа тумани “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи 1990 йилда туғилган, Э.Қ. эса уйининг том қисмида ўрнатилган 1 дона ASIC Bitmain Antminer S11 русумли “майнинг” қурилмасини электр тармоғига ноқонуний равишда улаб фойдаланиб келаётганлиги тезкор ходимлар томонидан фош этилди, у туман электр тармоқлари корхонаси манфаатига 7 878 570 сўм миқдорда зарар етказганлиги маълум бўлди.

Янгибозор тумани Нурли бўстон кўчасида яшовчи 1979 йилда туғилган А.С. эса яшаш уйининг ёрдамчи хўжалигига ўрнатилган 4 дона Antminer L 3 русумли “майнинг” қурилмасидан ноқонуний фойдаланиш орқали туман электр тармоқлари корхонаси манфаатига 193 000 000 сўм миқдорида зарар етказганлиги аниқланди.

Янгибозор тумани Хамза маҳалласида яшовчи 1979 йилда туғилган Д.М.нинг хонадони тезкор ходимлар томонидан холислар иштирокида кўздан кечирилганида, у яшаш уйининг ёрдамчи хўжалигига ўрнатилган 1 дона Antminer S11 “майнинг” қурилмасидан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги, бунинг натижасида эса туман электр тармоқлари корхонаси манфаатига 16 000 000 сўм миқдорида зарар етказганлиги аниқланди.

Янгибозор тумани Ачақала маҳалласида яшовчи, 1976 йилда туғилган Э.Қ. назорат қилинмайдиган даромад кўриш ва ноқонуний йўллар билан жиноий бойлик орттириш мақсадида, яшаш уйининг ёрдамчи хўжалигига ўрнатилган 3 дона Antminer S11 русумли “майнинг” қурилмасини электр тармоғига ноқонуний равишда улаб, фойдаланиб келаётганлиги, бунинг натижасида туман электр тармоқлари корхонаси манфаатига 32 000 000 сўм миқдорида зарар етказганлиги аниқланди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech