Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейи ва Ички ишлар вазирлигининг Хоразм академик лицейи ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Мазкур меморандумга кўра Мудофаа вазирлигининг Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейи ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Хоразм академик лицейи белгиланган мақсад ва вазифаларининг изчил амалга оширилишини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш назарда тутилган.
Хусусан, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг тараққиётига мос ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, таълим дастурларини, ўқув-услубий ва норматив материалларни такомиллаштириб бориш, таълим жараёнининг сифатини ва натижаларини тизимли таҳлил қилиш, кадрларни замонавий талаблар асосида касбий компетенция ва лаёқатларини ривожлантириш борасида узвий ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Шундан кейин икки лицей ўқувчилари ўртасида соғлом рақобат ва ўзаро дўстлик муҳитини яратиш мақсадида математика ва инглиз тили фанлари бўйича билимлар беллашуви бўлиб ўтди. Беллашувда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати