3 Июн 2024 йил 6416

Профилактика хизмати: “Қизил” тоифадан “яшил”га ўтдик

Икки йилдан буён “Остона” маҳалласининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида хизматдамиз. Келганимда маҳалла жиноятчилик бўйича “қизил” тоифада эди. Ҳудудда кўпроқ тан жароҳати, асосан, оилавий ва қўни-қўшнилар иштирокидаги ўзаро жанжаллар билан боғлиқ жиноятлар кўп қайд этилган.

Шу боис дастлабки иш фаолиятимни фуқаролар билан мулоқот қилишдан бошладим. Асосий муаммоларни аниқлаб, уларни биргаликда ҳал этиш чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Дастлаб фаол фуқаролар ҳамда ёшлардан иборат тунги навбатчилик гуруҳи ташкил этилди. Улар тунги вақтда маҳалла осойишталигини таъминлашга кўмаклашмоқда. Фуқаролар билан тезкор алоқада бўлиш учун маҳалла гуруҳини ташкил этганмиз. Барча масалалалр ушбу гуруҳда тезкор ҳал этилади.

Навбатдаги ташаббусимиз асосида жамоат жойлари, хусусан, чойхона, умумтаълим мактаби, савдо дўконлари жойлашган ҳудудлар ҳамда асосий кўчаларга кузатув камералари ўрнатилди. Улар шунчаки, кузатув камералари эмас, балки 360 градус айланада атрофни тўлиқ назоратга олади. Яна бир қулайлиги, унда гапириш ва эшитиш мосламаси бор. Масалан, чойхона атрофида тунги соат 22:00дан кейин фуқаролар йиғиладиган бўлса, қаерда бўлишимдан қатъи назар телефоним ёки планшет ёрдамида уларга кеч бўлганини, ҳамма уй-уйига тарқалишини айтаман. Улар смарт камерадан менинг овозимни эшитиб, тарқалишлари мумкин ёки саволлари бўлса, жавоб бериш имкониятига эга.

Бугунги кунда маҳалла ҳудудига ана шундай махсус камералардан 102 та ўрнатилган. Уларнинг барчаси қўл телефонимга ва планшетга интеграция қилинган. Шу боис қаерда бўлсам ҳам ҳудудни тўлиқ назоратга олиб, ҳар қандай ҳуқуқбузарликни тезкор аниқлай оляпман. Яқинда бир фуқаро тунги вақтда оғилхонасидан қўйи йўқолганини телеграм гуруҳга ёзиб, ёрдам сўради. Тезда телефоним ёрдамида камераларни бирма-бир кузатиб, қўйни топдик.

Тунги пайтларда ана шундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган аксарият фермер хўжаликлари дала майдонлари ва насос станцияларига, чорвадорлар молхоналарига, балиқчилар балиқ кўллари атрофига ана шундай махсус камералар ўрнатишган. Бир сўз билан айтганда, ушбу камералар маҳалланинг “қулф-калити”дир. Икки йиллик саъй-ҳаракатларимиз натижасида “қизил” тоифадан “яшил” тоифага ўтдик.

Чет элга ишлашга кетган фуқароларимиз ушбу камераларнинг афзалликларини тушуниб, ўз хонадонларига ўрнатишни бошлади. Шу боис келгусида 360 та хонадоннинг ҳар бирини камералаштиришни режалаштиряпмиз.

Маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантиришда ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун турли спорт мусобақалари уюштирилмоқда. Ёшларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, “устоз-шогирд” асосида темир эшик ясовчи ҳамда автомобиль тузатувчи усталарга бириктиряпмиз. Аксарияти маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида меҳнат қилишади.

Матёқуб МАТЁҚУБОВ,

Янгиариқ туманидаги “Остона” маҳалласи профилактика катта инспектори

Text to speech