Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Равшан Иркинович Султанходжаевнинг улуғ айём - Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган байрам табриги
Ассалому алайкум!
Мана шу файзли дамларда қалби шукуҳга тўлиб турган сиз, азизларни – ички ишлар органларининг қадрли фахрийларини, ҳурматли ҳамкасбларимизни, шу билан биргаликда хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлган сафдошларимизнинг оила аъзоларини улуғ айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни билдираман.
Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида ички ишлар органлари ходимларининг фидокорона хизматлари мужассам десак асло муболаға бўлмайди.
Шу ўринда Хоразм вилоятида ички ишлар органлари бир гуруҳ фахрийларининг криминоген вазияти мураккаб бўлган маҳаллаларда фаолият олиб бораётган, шунингдек ёш профилактика инспекторларига маслаҳатчи-мураббий сифатида кўрсатаётган амалий ёрдами бугун ўзининг ижобий самарасини бераётганлигини эътироф этган ҳолда, ушбу фидойи фахрийларимизга яна бир бор миннатдорчилик билдираман. Маслаҳатчи-мураббий сифатида ҳуқуқбузарликка қарши курашишда кўмаклашиш истагида бўлган фахрийларимизнинг сафи тобора кенгайиб бораётганлиги барчамизни беҳад хурсанд қилмоқда.
Ишонаманки, устоз-шогирд анъанасининг янада такомиллашган мазкур тизими маҳаллаларни жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан батамом ҳоли ҳудудга айлантириш, пировард натижада халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётини, фарзандларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Муҳтарам фахрийлар!
Ҳурматли ҳамкасблар!
Барчангизни муқаддас Қурбон ҳайити байрами билан яна бир бор табриклайман.
Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!
Ҳурмат билан,
Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Равшан Иркинович Султанходжаев