23 Сентябр 2024 йил 2531

ИИВ вазири ўринбосари генерал-майор Баходир Мирзарахимов бошчилигида Хоразм вилояти ИИБда йиғилиши ўтказилди

Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баходир Юлдашевич Мирзарахимов ҳузурида Хоразм вилояти ИИБ ҳамда унинг қуйи тизимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш видеоконференция кўринишида ўтказилиб, вилоят студиясидан бошқарма бошлиғи,полковник Равшан Султанходжаев, соҳавий хизмат раҳбарлари, бўлинма бошлиқлари, ҳамда вилоят хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда сўз олган Вазир ўринбосари Хоразм вилоятида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оммавий тадбирларни ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳамда ижтимоий профилактика йўналишида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган ишларни назорат тартибида ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ИИВ масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлаганлигини маълум қилиб, барча масъул ходимлар ўз хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, йиғилиш давомида тизимда хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунийликни таъминлаш, мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактик тарғибот тадбирларини кучайтириш, замонавий илғор технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш ва бошқа масалалар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Вазир ўринбосарининг Хоразм вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech