1 Октябр 2024 йил 2090

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Равшан Иркинович Султанходжаевнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам табриги

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг машаққатли ва шарафли ишга бағишлаб келаётган ўқитувчи ва мураббийларни бугунги умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этаман. Биз устоз зотини азалдан отадай улуғ деб биладиган, ҳамиша бошига кўтариб эъзозлайдиган маърифатпарвар халқ фарзандларимиз.

Ҳар бир инсон ҳаётда қандай ютуққа эришган бўлса, уларда қадрдон ўқитувчи ва устозларининг беқиёс ҳиссаси борлигини умрбод миннатдорлик билан эслайди. Барчамиз ҳеч шубҳасиз ўқитувчи деганда — замон билан ҳамқадам бўлган жонкуяр, зиёли шахсни, мактаб деганда – билим ва маърифат ёғдуси таралиб турадиган, Учинчи Ренессанс пойдевори қўйиладиган табаррук масканни кўз олдимизга келтирамиз.

Бугун ўзининг умри ва ҳаётини юрт тинчлиги, эл осойишталиги ва фаровонлигига бағишлаб, Ватанимизга садоқат билан хизмат қилиб келаётган фидойи ички ишлар органлари ходимларининг қалбига ватан ишқини жойлаган инсон ҳам аввало уларнинг ўқитувчи ва мураббийлари ҳисобланади.

Сўнгги йилларда вилоятимизда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда устоз-шогирд анъанасини янада ривожлантириб, бой тажрибага эга бўлган фахрийлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди.

Бу борада криминоген вазияти мураккаб бўлган маҳаллаларда фаолият олиб бораётган профилактика инспекторлари, шунингдек соҳага янги қадам қўйган ёш профилактика инспекторларига маслаҳатчи-мураббий сифатида яқиндан амалий ёрдам бериб келаётган фахрийларимизга бугунги улуғ айём муносабати билан чуқур миннатдорчилик билдирамиз.

Шу ўринда ички ишлар органлари учун малакали кадрлар етиштириб бериш тизимининг дастлабки босқичларидан бири ҳисобланган ИИВ Хоразм академик лицейида ўғил-қизларимизга билим бериб келаётган барча ўқитувчи-педагоглар жамоасини ҳам ушбу касб байрамлари билан самимий қутлаймиз.

Қадрли устоз ва мураббийлар!

Сизлар бугун мана шундай ўта масъулиятли жабҳада том маънода тарихий миссияни адо этмоқдасиз. Чунки, Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, ўзининг қатъий ҳаётий позициясига эга, ҳеч кимдан кам бўлмаган ёшларни тарбиялаш – ҳақиқатан ҳам ғоят эзгу ва улуғ вазифадир.

Барчангизга шу шарафли йўлда олиб бораётган олижаноб фаолиятингизда ва шахсий ҳаётингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман. Хонадонларингизга доимо тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ёр бўлсин!

Ҳурмат билан,

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи

полковник Равшан Иркинович Султанходжаев

Text to speech