5 Декабр 2024 йил 2230

ШАРАФЛИ КАСБ СОҲИБАСИ

   Юртимиз осойишталигини таъминлаш вазифаси нақадар машаққатли бўлмасин бу соҳада кўплаб аёлларимиз эркаклар билан ёнма-ён туриб сидқидилдан хизмат қилишяпти. Улар орасида Хоразм вилояти ИИБ ТҚХ Жиноят қидирув бошқармаси тезкор вакили, майор Наргиза Бекчанова ҳам бор.

Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган Наргиза Ҳазорасп тумани ИИБ ҲПБ Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи инспектори лавозимида хизмат фаолиятини бошлади. Албатта унинг соҳага кўникиши у қадар қийин кечмади. Шундай бўлса-да унга устоз-мураббийлари яқиндан ёрдам беришди. Йўл-йўриқ кўрсатишди. Ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда амалга оширилган профилактик тадбирлар бир йил ўтар-ўтмас ўзининг ижобий самарасини берди. Натижада туман ҳудудида вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилиши кескин камайишига эришилди. Ёш ходимнинг қўлга киритган бу ютуғи унга янада масъулиятли лавозимда ишлаш имкониятини яратди. Энди у вилоят ИИБ ТҚХ Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходими лавозимида хизмат фаолиятини давом эттирди. Содир этилган жиноятларни фош этиш, айбдорларнинг ўз қилмишига иқрор бўлишига эришиш шунчаки осон иш эмас, албатта. Буни яхши англаган лавҳамиз қахрамони зиммасидаги вазифага янада масъулият билан ёндашиб, қонунбузарларга қарши курашишда фаол иштирок эта бошлади.

Урганчлик К. Иброҳим ўзи билан ишқий муносабатда бўлиб юрган Р. Иродани уяли алоқа телефонига тасвирга тушириб, кейинчалик уни интернет тармоқлари орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитади ва ундан 100 АҚШ доллари ҳамда 200 минг сўм беришни талаб қилади. Иброҳимнинг бу қилмишидан саросимага тушган Ирода мушкул аҳволга тушиб қолади. Мазкур жиноят майор Наргиза Бекчанова ташаббуси билан аниқланиб, тезкор тадбир ўтказилади ва К. Иброҳим ашёвий-далиллар билан қўлга олинади.

   Мана саккиз йилдирки жиноят қидирув соҳасида хизмат қилаётган қахрамонимиз бу каби кўплаб ҳуқуқбузарликларни фош этиш ҳамда қонун устиворлигини таъминлашда фаоллик кўрсатмоқда.

-Наргиза Бекчанованинг ички ишлар органларида хизмат қилаётганига 12 йилдан ошди,- дейди вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Дилноза Боғбекова.-У ўзининг тиришқоқлиги, масъулиятни ҳис қила билиши, топшириқларни ўз вақтида аниқ ва пухта бажариши, хизмат интизомига қатъий риоя этиши ҳамда жамоат ишларидаги фаоллиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келмоқда. Қолаверса, у бир неча бор ички ишлар органлари тизимида ўтказилган кўрик-танловлар ғолиби ва совриндоридир.

   Жорий йилнинг 4-5 октябрь кунлари Урганч шаҳрида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди. Ушбу билимдонлар беллашувида майор Н.Бекчанова ҳам фаол иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади.

   Хизмат бурчини бажаришдаги фидойилиги, касбга бўлган садоқати туфайли майор Наргиза Бекчанова Ички ишлар вазирлиги ҳамда вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан бир неча бор муносиб тарзда рағбатлантирилган.

Ҳадиси шарифда оила муқаддас, саналган. Буни яхши англаган лавҳамиз қахрамони умр йўлдоши майор Жалолбек Бобожонов билан оила мустаҳкамлиги, тинч ва тотувлигига алоҳида эътибор беришяпти. Айниқса, оиланинг завқу-қувончи бўлган Камронбек ва Нозимахонлар осойишталигимиз посбонларининг суюкли фарзандлари сифатида камолга етмоқда.

 

                                                                        Худойберган ЖАББОРОВ

“Постда” газетаси муҳбири

 

 

Text to speech