Янги йил байрамини ўтказишга тайёргарлик жараёнлари муҳокама этилди
23 декабрь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган идорлараро ҳамкорликдаги тезкор штабда ҳуқуқ-тартибот ва назорат органларининг масъул ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Янги йил байрамини юқори савияда ўтказиш, байрам кунлари ва янги йил арчаси ўрнатилган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Йиғилишда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев жорий йилда вилоятимиз аҳолиси ва меҳмонларига юқори даражадаги байрам кайфиятини улашиш мақсадида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилганлигини ҳамда ушбу дастур ижросини таъминлашга масъул бўлган органларга аниқ йўналтирилган топшириқлар берилганлигини таъкидлаб ўтди. Шу билан биргаликда байрам тадбирларни ўтказиш жараёнида жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилганлиги йиғилишда иштирок этаётган масъуллар эътиборига етказилиб, бунда ички ишлар органлари умумий координатор сифатида белгиланганлиги айтиб ўтилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Янги йил арчаси ўрнатилган ҳудудга туташ автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг ҳаракатланишини ўрнатилган тартибда вақтинчалик чеклаш, Янги йил арчаси ва Янги йил савдо ярмаркаси ташкил этиладиган ҳудудларда йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, турли нохуш ҳолатларнинг келиб чиқишига йўл қўймаслик бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Байрам тадбирлари бўлиб ўтадиган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш жараёнини ташкил этишда илк маротаба интеллектуал кузатув камераларидан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилганлиги ва ушбу имкониятдан самарали фойдаланиш зарурлиги уқтирилди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати