Хива шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси маъмурий биноси фойдаланишга топширилди
Янги йил байрами хиваликлар учун кутилмаган совғаларга бой бўлди. Шулардан бири бу албатта мукаммал таъмирланиб фойдаланишга топширилган Хива шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси маъмурий биносидир.
Илгариги ушбу бинода Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари ҳамда мурожаат билан келган юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар учун деярли шароит бўлмаган эди.
Шундан кейин ушбу бинони қайта таъмирлаш бўйича смета-лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Бунда асосий эътибор бўлинма ходимлари ва мурожаат қилувчилар учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилди.
Таъмирлаш ишлари қисқа муддатда якунланган бўлсада, лойиҳада назарда тутилган барча ишлар тўлиқ бажарилди.
Мазкур бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, Хива шаҳар ИИБ шахсий таркиби ва соҳа фахрийлари иштирок этдилар.
Рамзий лента кесилгач, меҳмонлар бинодаги хизмат хоналари ва у ердаги қулайликлар билан бевосита таништирилди.
Хива шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасида амалга оширилган реконструкция ва таъмирлаш ишлари натижасида Ички ишлар бўлимининг асосий маъмурий биносида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси ходимлари учун қўшимча хизмат хоналарини ажратиш имконияти яратилди. Бошқарма бошлиғи масъуллар ҳамроҳлигида ушбу хизмат хоналарини ҳам кўздан кечириб, ходимларнинг хизмат шароитлари билан танишиб чиқди.
Шундан кейин тадбир якунида анъанага кўра мазкур бинода таъмирлаш ишларини олиб борган қурилиш корхонаси раҳбарига миннатдорчилик билдирилиб, тўн ва Хоразм миллий бош кийими чўгирма кийдирилди.
Энди хиваликлар ўзларининг шахсини тасдиқловчи ID-карталарини мана шундай шинам бинода расмийлаштириб олишлари мумкин.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати