Хоразм вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати фаолиятини такомиллаштиришга оид янги лойиҳалар ва ташаббуслар тақдимоти бўлиб ўтди
Хоразм вилоятида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ички ишлар органларининг ҳуқуқ-тартибот органлари ва жамоатчилик ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш борасида соҳавий ва ҳудудий ички ишлар органлари масъул раҳбарлари томонидан вилоят ИИБ бошлиғи ҳузурида 2025 йил учун мўлжалланган иш режалари ва соҳани янада такомиллаштиришга оид янги лойиҳалар ҳамда ташаббуслари тақдимоти бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилнинг 15 январь куни Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи ҳузурида вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати таркибига кирувчи Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ва Пробация бўлими масъул ходимларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан 2025 йилда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини намунали тарзда ташкил этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, тарғибот-ташвиқот тадбирларини амалга ошириш борасидаги янгича ёндашувлар, соҳага инновацион технологияларни кенгроқ жалб этиш, қоидабузарликларни инсон омилисиз аниқлаш тизимини жорий этиш бўйича режалар тақдим этилди.
Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси масъул ходимларининг тақдимотида кўча ва жамоат жойларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда интеллектуал кузатув камералари имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш, шахсий таркибнинг жисмоний, жанговар ва касбий тайёргарлигини ошириш, жамоат тартибини сақлашда хизмат итлари ва хизмат отлари имкониятларидан ҳам унумли фойдаланиш масалалари, йирик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ўзаро шартнома асосида таъминлаш тизимини кенг жорий этиш бўйича таклифлар муҳокама этилди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул ходимлари эса профилактик тадбирларни “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” тартибида ташкил этиш, маҳаллаларни тўлиқ интеллектуал кузатув камералари билан жиҳозлаш, “Келажак сари” ва “Мен кучли аёлман” ижтимоий-профилактик лойиҳаларининг қамровини ошириш, профилактика (катта) инспекторларининг жисмоний, жанговар ва касбий билим ҳамда кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ташкил этиш бўйича 2025 йил учун мўлжалланган режа-дастурини тақдим этдилар.
Пробация бўлими масъуллари озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган шахсларнинг ўрнатилган чекловларга қатъий риоя этишларини таъминлаш, уларнинг хулқини ижобий томонга ўзгартириш ва ижтимоий ҳаётга мослаштириш, улар томонидан қайта жиноят содир этилишига йўл қўймаслик, уларга нисбатан инсонпарварлик принципларини қўллашда қонунийлик ва адолат тамойилларига қатъий риоя этиш, пробация органлари ҳисобида турган шахслар устидан назоратни амалга оширишда “Хоразм тажрибаси” сифатида яратилган “Проб24” электрон дастурини тўлиқ юритилишини таъминлаш бўйича 2025 йилга мўлжалланган режалар бўйича тақдимот қилдилар.
Жамоат хавфсизлиги хизмати таркибига кирувчи юқоридаги соҳавий йўналишлар бўйича бўлиб ўтган тақдимот якунида вилоят ИИБ бошлиғи ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдириб, зарур тавсия ва топшириқлар берди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати