25 Январ 2025 йил 3923

Хоразм вилоятида 2024 йил давомида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 23 январь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида  2024 йил якунлари бўйича вилоят ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, жиноятларни барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолият натижаларини таҳлил қилиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб олишга бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳисобот йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Д.А.Назармухамедов иштирок этди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда бўлиб ўтган ҳисобот йиғилишида  Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари полковник И,Тиллаев ахборот бериб, 2024 йил давомида вилоятда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган тезкор-профилактик чора-тадбирлар натижасида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар камайишига эришилган бўлсада, айрим турдаги жиноятлар, хусусан кибермаконда содир этилган жиноятлар кескин ошиб бораётганлиги таъкидлаб ўтилди. 

Эришилган ижобий натижаларда вилоят ИИБ ташаббуси билан ижтимоий ҳаётга татбиқ этилган “Мен кучли аёлман”, “Келажак сари” ва “Маслаҳатчи-мураббий” лойиҳалари ҳам муҳим ўрин тутганлиги кўрсатиб ўтилди.  

Шунингдек йиғилиш кун тартибидан ўрин олган  вилоят ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-маърифий билимларини ошириш, уларни она-Ватанга муҳаббат, хизмат бурчига садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек хизмат интизоми қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник М,Атабаевнинг ҳисоботи эшитилди.

Шундан кейин Вазир ўринбосари бугунги кунда асосий вазифа ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш эканлигини, бунинг учун эса интеллектуал ва профессионал билим даражаси, маънавий-ахлоқий савияси юқори бўлган кадрларни тайёрлаш бўйича сифат жиҳатидан янги тизим жорий этилганлигини алоҳида таъкидлаб, бошқарма томонидан ишлаб чиқилган барча лойиҳаларни тўла қўллаб-қувватлашини, бу каби ижобий лойиҳаларни ижтимоий ҳаётга янада кўпроқ жорий этиш юзасидан тавсия берди.

Йиғилиш якунида вилоят ИИБ бошлиғи полковник Р,И.Султанходжаев 2025 йилда вилоят ички ишлар органлари томонидан Давлат ва Ҳукумат ҳамда Вазирлик топшириқлари ижросини сўзсиз бажариб,  жамоат тартиби ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жиноят ва ҳуқуқбузарларнинг олдини олиш учун барча куч ва воситалар тўлиқ сафарбар этилишини билдирди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech