Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамкасблар, азиз фахрийларимиз!
Мана шу гўзал ва ҳаяжонли дамларда Сизларни улуғ айём – Наврўз байрами билан самимий табриклайман.
Бугун вилоятимизнинг шаҳар ва қишлоқлари, боғ ва майдонларида катта шод-у хуррамлик билан Наврўз сайиллари ўтказилмоқда. Қалбларимиз қувончга тўлиб турган ушбу дилбар лаҳзаларда барча ҳамкасбларимизни, қадрли фахрийларимизни, шунингдек хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлган касбдошларимизнинг оила аъзоларини чин дилдан қутлаб, барчангизга юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Шарқона янги йилимиз муборак бўлсин! Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ келсин!
Халқимизда тинч ва осуда юртга байрамлар, тўйлар ярашади деган пурмаъно ибора бор. Юртимиз тинчлигини таъминлашда ички ишлар органларининг ҳар бир ходими ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда десак асло муболаға бўлмайди.
Шу билан биргаликда Хоразм вилоятида криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёш профилактика инспекторларига ўзларининг бой ҳаётий ва иш тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда маслаҳатчи-мураббий сифатида яқиндан ёрдам бериб келаётган ички ишлар органлари фахрийларининг фидойилиги алоҳида эътирофга лойиқ.
Ушбу қутлуғ айёмда Ватан равнақи йўлида қилаётган муносиб хизматингиз учун барчангизга миннатдорчилик билдираман.
Қадрли ҳамкасблар!
Барчангизни Наврўз умумхалқ байрами билан яна бир бор табриклайман. Фасли навбаҳор ҳар бир оилага, элу юртимизга тинчлик ва фаровонлик, бахту саодат олиб келсин!
Ҳурмат билан,
Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи,
полковник
Шермухамедов Абдумажид Мавлянович
Саҳифадаги хатолар бўйича манзил:
Матн хато билан:
Сизнинг изохингиз ёки тўғри версия: