Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар фош этилди
Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири доирасида Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорликда бир қатор оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар фош этилди.
Жумладан, жорий йилнинг 6 май куни Хоразм вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ва ДХХ вилоят бошқармаси томонидан олинган тезкор маълумотлар асосида Урганч шаҳрининг Термиз кўчасида истиқомат қилувчи, 2003 йилда туғилган, З.Б. нинг яшаш хонадонида холислар иштирокида тинтув ўтказилди. Олинган маълумотлар тинтув жараёнида ўз тасдиғини топди, яъни ушбу шахс уйининг ётоқхонасида 76,6 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб сақлаб келаётганлиги маълум бўлди ва ушбу гиёҳвандлик воситаси ўрнатилган тартибда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, Шовот тумани ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан жорий йилнинг 10 май куни ўтказилган тезкор тадбир натижасида гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноят фош этилди. Яъни, Урганч шаҳрида жойлашган, асосан тунги пайтда фаолият олиб борувчи “Сахара” кафесида ишловчи, Урганч шаҳрининг Н.Кубро кўчасида яшовчи, 2001 йилда туғилган, Э.А. кафе мижозларига гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиб келаётганлиги тўғрисида олинган маълумотлар асосида назорат остидаги тезкор тадбир ўтказилди ва унда Э.А. навбатдаги “харидор”га умумий вазни 0,31 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 1 500 000 сўмга сотаётган пайтида жиноят устида қўлга олинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати