Хотира - абадий, қадр - муқаддас
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Хоразм академик лицейида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ушбу муҳим сана муносабати билан ташкил этилган тадбирга лицей ўқитувчи ва ўқувчилари билан биргаликда ички ишлар органларининг хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган ходимларининг оила аъзолари ҳамда ички ишлар органлари фахрийлари ҳам таклиф этилди.
Тадбир давомида Ватан тинчлиги ва халқ осойишталиги йўлида жонини фидо қилган мард ўғлонлар хотираси ҳурмат билан ёд этилди. Уларнинг фидойилиги ва жасорати ёшларимиз учун ибрат мактаби экани таъкидланди. Лицей ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар, ватанпарварлик руҳидаги шеърлар ва саҳна кўринишлари меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.
Тадбир якунида марҳум ходимларнинг оила аъзоларига ҳамда ички ишлар органларининг фахрийларига эсдалик совғалари топширилди. Тадбир иштирокчилари бу каби эътибор ва эҳтиром инсонпарварликнинг ёрқин намунаси эканини алоҳида таъкидлашди.
Хотира ва қадрлаш куни - бу ўтганларни ёдга олиш ва бугунги тинч ҳаёт учун миннатдорлик ифодаси бўлиши билан биргаликда, ёшларнинг қалбидаги ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати