22 Май 2025 йил 527

Тинтув жараёнида 200 грамм “опий” ашёвий далил тариқасида олинди.

Гиёҳвандлик – аср вабоси. Шу боис гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан шуғулланувчи шахсларни вабо тарқатувчиларга қиёсласак ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан биргаликда  “Қорадори-2025” тезкор-профилактик тадбири доирасида гиёҳфурушларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳазорасп тумани ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан  Ҳазорасп туманининг “Буюк аждодлар” маҳалласида истиқомат қилувчи, 1972 йилда туғилган шахс, илгари гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлсада, бундан ўзига тўғри хулоса чиқариб олмасдан, яна қонунга хилоф равишда гиёҳвандлик воситаларини сотиш билан шуғулланиб келаётганлиги тўғрисида маълумот олинади.

Мазкур маълумот асосида жорий йилнинг 21 май куни гумондорнинг уйида холислар иштирокида тинтув ўтказилди.

Олинган тезкор маълумотлар тинтув жараёнида тўлиқ тасдиқланди, яъни гумондор уйининг гаражида 38 та полиэтилен бўлагига алоҳида-алоҳида қадоқланган умумий вазни 200 грамм бўлган “опий” гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадида сақлаб қўйганлиги маълум бўлди. Шунингдек гиёҳвандлик воситасини ёнида кичик ҳажмли ашёларни ўлчаш учун мўлжалланган электрон тарози ҳам борлиги аниқланди.

Ушбу гиёҳвандлик воситаси ва электрон тарози ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилди, гумонланувчи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech