5 Июн 2025 йил 335

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Абдумажид Мавлянович Шермухамедовнинг улуғ айём - Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган байрам табриги

Ассалому алайкум!

Хоразм вилояти ички ишлар органларининг барча шахсий таркибини, азиз фахрийларимизни ҳамда юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиб, хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимларимизнинг оила аъзоларини улуғ айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида ички ишлар органлари ходимларининг фидокорона хизматлари мужассам десак асло муболаға бўлмайди.

Шу ўринда ўзининг навқирон ёшлиги ва куч-қувватини юрт тинчлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишга бағишлаган бўлсаларда, ҳали ҳануз ички ишлар органларининг ёш ходимларга ўзларининг бой ҳаётий ва иш тажрибасини ўргатиб келаётган соҳамиз фахрийларига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Бугунги қутлуғ айёмда ўз жонини она юрт учун қурбон қилган ҳамкасбларимизнинг руҳи поклари олдида бош эгиб таъзим қиламиз, уларнинг номлари қалбимизда абадий яшайди. 

Ишонаманки, ўзаро ҳамкор ташкилотлар ва кенг жамоатчилик билан биргаликда амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз вилоятимизни жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан батамом ҳоли ҳудудга айлантириш, пировард натижада халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётини, фарзандларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Қадрли ҳамкасблар, ҳурматли фахрийлар!

Барчангизни муқаддас Қурбон ҳайити байрами билан яна бир бор табриклайман.

Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!


Ҳурмат билан,


Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи,

полковник

Абдумажид Мавлянович Шермухамедов

Text to speech