5 Июн 2025 йил 351

Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилоятидаги криминоген вазияти мураккаб бўлган маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар манзилли ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилоятидаги 70 та маҳаллада криминоген вазияти мураккаб деб топилиб, ушбу маҳаллаларга масъул раҳбарлар бириктирилган.

Жорий йилнинг 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник Аюбхон Раҳматуллаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Хоразм вилоятидаги криминоген вазияти мураккаб бўлган Урганч шаҳридаги “Нурли ҳаёт”, “Дўстлик”, “Машъал”, Хонқа туманидаги “Гулғунча” ва Хива шаҳридаги “Газчилар” маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар манзилли тарзда ўрганилди.

Ишчи гуруҳ томонидан мазкур маҳаллаларга бириктирилган масъуллар ва маҳалла еттилиги иштирокида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ижтимоий-профилактик чора-тадбирлар режа-дастурининг ижроси таҳлилий ўрганилди.

Амалга оширилган чора-тадбирларга қарамасдан жорий йилнинг ўтган даврида Урганч шаҳридаги “Дўстлик” ва Хонқа туманидаги “Гулғунча” маҳаллаларида қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилганлиги боис масъулларнинг фаолияти танқидий баҳоланди.

Ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб, келгусида маҳаллаларда жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган устувор вазифалар тўғрисида масъул раҳбарларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.


Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech