Урганч туманида “Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги сари” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири бошланди
Жорий йилнинг ўтган 5 ойида Хоразм вилоятининг Урганч туманида криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида амалга оширилган бир қатор чора-тадбирларга қарамасдан, туманда жиноятлар салмоғи юқорилигича қолди.
Шундан келиб чиққан холда Урганч туманида жиноятларнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган ижтимоий-профилактик чора-тадбирларни янгича ёндашув асосида амалга ошириш белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 март кунидаги криминоген вазиятни кундалик таҳлил қилиш ва манзилли назорат тадбирларини амалга оширишга қаратилган ПҚ-111*-сонли қарори ижросига асосий устуворлик берилди.
Фармойишига кўра, жорий йилнинг 15 июнь кунидан 25 июнь кунига қадар Урганч тумани ҳудудида “Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги сари” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирини ўтказиш ва унинг самарали ижро этилишига Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари масъул этиб белгиланди.
Дастлаб, Хоразм вилояти ИИБ ва Урганч тумани ИИБ соҳавий хизматлари масъул ходимларидан иборат бўлган ишчи гуруҳ томонидан 17 та йўналиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларга киришилиши муносабати билан Урганч туманида ҳуқуқ-тартибот ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи субъектларнинг масъул ходимлари иштирокида қўшма хизмат олди йўриқномаси ўтказилди. Урганч туманидаги тезкор-профилактик тадбирларнинг қамров доирасини кенгайтириш ва қисқа муддатда юқори самарадорликка эришиш мақсадида вилоят ИИБ нинг турли соҳавий хизматларидан қарийб 150 нафар ходимлар Урганч туманига қўшимча равишда сафарбар қилинди.
“Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги сари” шиори остида Урганч туманида 10 кун давомида гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатларни, шунингдек ўқотар қуроллар ва уларнинг ўқ-дориларини ноқонуний равишда сақлаб келаётган шахсларни аниқлашга қаратилган тезкор-профилактик тадбирлар кучайтирилган холда амалга оширилади.
Бундан ташқари кўнгилочар жойларда яъни тунги клублар, сауналар, СПА салонлар, соғломлаштириш жойларида назорат-рейд ва профилактик тадбирлар ўтказилади.
Руҳий-асаб касаллиги, гиёҳвандлик ва алкоголизмга ружу қўйганлиги учун диспансер назоратига олинган шахслар билан ички ишлар ва соғлиқни сақлаш органлари томонидан ўзаро ҳамкорликда профилактик-даволаш тадбирлари ўтказилади.
Туманда олдинги йиллардан фош этилмасдан қолган жиноятларни фош этиш, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган шахсларни ушлаш, бедарак йўқолганлиги учун қидирилаётган шахсларни аниқлашга қаратилган тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилади.
Тумандаги барча маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида ва аҳоли гавжум бўладиган масканларда ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган янги турдаги жиноятлар тўғрисида ҳуқуқий тарғибот учрашувлари ўтказилади, тарғибот тадбирларнинг қамровини ошириш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий тармоқ мессенжерларида ташкил этилган гуруҳларда онлайн тарғибот тадбирларини ўтказишга хам алоҳида эътибор қаратилади.
Чўмилиш учун хавфли бўлган очиқ сув ҳавзалари ва каналлар бўйида патруллик нарядлари ташкил этилиб, сувда чўкиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган рейд ва профилактик огоҳлантирув ишлари олиб борилади.
Туман ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларининг “Ҳамкор” гуруҳи томонидан кучайтирилган тартибда назорат-рейд тадбирлари ўтказилади. Шу билан биргаликда, туман ҳудудидаги автомобиль таъмирлаш устахоналари фаолияти ўрганилиб, ишчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилади.
Маҳалла еттилиги билан ўзаро ҳамкорликда нотинч ва ажрим ёқасига келиб қолган оилалар ҳамда “Ҳимоя ордери” берилган хотин-қизлар билан манзилли тарзда профилактик суҳбатлар ўтказилади.
Криминоген вазият таҳлилидан келиб чиққан ҳолда тумандаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларга қўшимча равишда интеллектуал кузатув камералари ва “Ташвиш тугмаси” ўрнатиш, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда аҳоли хонадонларини техник қўриқловга олиш жараёнлари изчиллик билан олиб борилади.
Урганч тумани ҳудудида хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар ишчи гуруҳ томонидан кунлик таҳлил этиб бориши белгиланган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати