Хизмат интизоми ва қонун устуворлигини таъминлаш белгилаб олинди
Жорий йилнинг 11 июль куни Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи ҳузурида тезкор йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар бошлиқлари ва бошқарма шахсий таркиби иштирок этди. Шунингдек, йиғилишда ЙҲХБ, ЖТСБ ва ҳудудий ички ишлар органларининг барча шахсий таркиби видеоконференц алоқа тартибида қатнашди.
Ички ишлар органларида хизмат интизомига риоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш, коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик йиғилиш кун тартибидаги асосий масала сифатида муҳокама этилди.
Ушбу масала юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгилаб берилган барча устувор вазифаларни Хоразм вилояти ички ишлар органларида сўзсиз ижро этиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинганлигини таъкидлаб, соҳада коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича манзилли ва мақсадли ишлар амалга оширилаётганлигини айтиб ўтди. Шу билан биргаликда “устоз-шогирд” анъанаси асосида ёш ходимларга малакали ходимлар ва масъул раҳбарларни бириктириш юзасидан кўрсатма берилди.
Шундан кейин ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Хоразм вилояти бўйича ҳудудий бўлими масъул ходими сўнгги кунларда республиканинг турли ҳудудларида ва соҳаларида қайд этилган коррупциявий жиноятлар, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ҳамда оқибатлари тўғрисида батафсил маълумот берди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати