Соҳа фидойилари: Юксак довонларни кўзлаётган аёл
Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган лейтенант Юлдуз Ҳамдамова Урганч темир йўл бекатидаги тармоқ ички ишлар бўлимида терговчи лавозимида хизмат фаолиятини бошлади. Терговчининг вазифаси анча масъулиятли ва ўзига хос мураккабдир. Чунки унинг биргина хатоси инсонтақдирига, унинг келажагига жиддий зарар етказиши мумкин. Буни яхши англаган лейтенант Ю. Ҳамдамова тергов жараёнларида айбланувчи шахсларнинг ҳатти-ҳаракатларини, гувоҳларнинг кўрсатмаларини, ҳодиса жойидан олинган ашёвий-далилларни атрофлича ўрганиб чиқиб, тўғри ва холисона хулоса чиқаришга ҳаракат қилди. Жиноят қидирув, профилактика хизматлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан яқин ҳамкорликда ишлади ва тергов жараёнларини аниқ далилларга таянган ҳолда олиб борди.Бу саъй-ҳаракатлар натижасида жиноят ишлари пухта якунланиб, суд органлари томонидан ижобий баҳоланди. Энг эътиборлиси, жиноят суриштирувлари давомида кўплаб қўшимча жиноятлар аниқланишига эришилди ва айбдорларнинг пинҳоний қилмиши фош этилди. Касбга садоқат, хизмат бурчига масъулият билан ёндашиш унинг тажрибали терговчи сифатида шаклланишида муҳим омил бўлди.
Шундан сўнг у бироз муддат вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ хотин-қизлар билан ишлаш бўйича бош инспектори
лавозимида ҳам самарали хизмат қилди. Айниқса, ички ишлар органларида хизмат
қилаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш,
интеллектуал салоҳиятини, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш,
саводхонлигини ошириш, хизмат ва яшаш шароитларини яхшилаш, муаммоларини
ўрганиб уларга ижобий ечим топиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлашга
алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, илмий изланиш ва тадқиқот ишларини олиб
бораётган ходималарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан тажрибали
мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқув машғулотлари, турли маданий-маърифий
тадбирлар уюштиришга ҳаракат қилди. Натижада соҳанингкўплаб ходималари турли
йўналишларда ўз билим ва иқтидорларини намойиш этиб, нуфузли фестиваллар, танлов
ва беллашувлар ғолиби бўлишди. Хизмат фаолияти давомида ижобий натижаларга
эришган подполковник Ю. Ҳамдамова ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиғи,
кўкрак нишонлари ҳамда эсдалик қўл соати билан
тақдирланди.
Айни пайтда лавҳамиз қахрамони вилоят ИИБ Миграция ва
фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида катта инспектор лавозимида хизмат
қилмоқда. Меҳнат фаолияти нақадар машаққатли бўлмасин, у илмий иш билан
шуғулланишда давом этди. Аслида терговчи бўлиб ишлаётган даврларида вилоят ИИБ
нашри “Осойишталик учун” газетасида йигирмадан ортиқ ички ишлар органлари
тарихига оид мақолаларининг чоп этилиши ҳамда “Меҳнат ва жанговар шуҳрат”
музейида жамоатчилик асосида гид вазифасини ўтагани унинг келгусидаги илмий ишини
бошлашида туртки бўлган бўлса ажабмас. Хуллас, изланган имкон топар,
деганларидек бир неча йиллик саъй-ҳаракатлар ўз натижасини берди. Яқинда у “Ўзбекистон
ички ишлар органларининг шаклланиши ва фаолияти (1925-1991 йиллар, Хоразм
вилояти мисолида)” мавзуидаги илмий ишини муваффақиятли ёқлади ва тарих фанлари
бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди.
-Биринчи галда устозим ва илмий раҳбарим Абу Райхон
Беруний номидаги Урганч давлат университети профессори, тарих фанлари доктори
Санжарбек Давлетовдан миннатдорман,-дейди подполковник Юлдуз Ҳамдамова.-Устоз
раҳбарлигида бир неча йил тадқиқот ишларини олиб бордим. Илмий анжуман, семинар ва
конференцияларда қатнашдим. Мамлакатимиздаги ҳамда хорижий давлатлардаги
нуфузли нашрларда илмий мақолаларим чоп этилди. Интилишларим, изланишларим зое
кетмади. Мени қўллаб-қувватлаган барча устозларимга-отам Равшанбек Абдуллаев,
онам Роҳат Машарипова, турмуш ўртоғим Шовот тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари,
подполковник Дилшод Ўринов, қатағон қурбонлари музейи директори Юлдуз
Рахманова, Маъмун Академияси илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа
доктори, доцент, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Умид Бекмуҳаммадларга
самимий миннатдорлигимни билдираман.
Оиладаги аёллик вазифаси, фарзандлар тарбияси, шу
билан бирга ички ишлар органларидаги хизмат бурчига содиқ қолган ҳолда илмий
ишга қўл уриши ва уни муваффақиятли ёқлаши - бу чинакам жасорат.
Хуллас, юртимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли
касб эгаси, подполковник Юлдуз Ҳамдамова мамлакатимиз олимлари сафига қўшилди
ва у ўз олдига қўйган илк довондан ошди. Олдинда эса янада юксак довонлар бўй
чўзиб турибди. У бу довонларни ҳам муваффақият билан забт этишига ишончимиз
комил.
Комил ОСТОНАЕВ,
журналист.