«Энг яхши эксперт-криминалист» кўрик-танловининг Хоразм вилояти босқичи ўтказилди
Хоразм вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика хизмати ходимлари ўртасида «Энг яхши эксперт-криминалист» кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар органларининг барча эксперт-криминалистлари иштирок этиб, ўз билим ва маҳоратини намойиш қилди.
Танлов уч босқичдан иборат бўлди. Биринчи шартда иштирокчилар белгиланган вақтда Калашников автомати ва Макаров пистолетини қисмларга ажратиш ҳамда қайта йиғиш амалиётини бажаришди. Иккинчи босқичда маънавий-маърифий йўналиш, хизмат тайёргарлиги ва соҳавий билимлар бўйича тест синовлари ўтказилди. Якуний босқичда эса ходимлар ўз соҳаси бўйича оғзаки савол-жавоб тарзида синовдан ўтказилди.
Натижага кўра, 3-ўринни Ҳазорасп тумани ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти, катта лейтенант Санжар Ибрагимов, 2-ўринни Урганч шаҳар ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи эксперти, катта лейтенант Жўрабек Жуманиёзов эгаллади. Фахрли 1-ўринни Урганч тумани ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти, катта лейтенант Шахзод Солиев қўлга киритди. Кўрик-танлов ғолибларига республика босқичига йўлланма берилди.
Мазкур танлов эксперт-криминалистлар билим ва малакасини ошириш, соғлом рақобатни шакллантириш ҳамда соҳада малакали кадрлар сафини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати