Расмий муносабат: ЙПХ инспектори томонидан автомашинанинг олд ойнаси синдирилгани акс этган видеолавҳа юзасидан
Ижтимоий тармоқлардаги Урганч шаҳрида ЙПХ инспектори томонидан “Cobalt” русумли автомашинанинг олди ойнаси синдирилганлиги ва шундан кейин автомашина ҳаракатни давом қилдириб кетганлиги акс этган видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.
Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи "Чолиш" тўсиқ-постида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори шу тўсиқ-пост орқали орқали Хоразм вилоятига кириб келаётган “Cobalt” русумли 95 B 905 TA давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчисига тўхташ ишорасини берган бўлсада, мазкур автомашина ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг қонуний талабини бажармасдан, Урганч шаҳри томон ҳаракатланишни давом қилдирган. Шундан кейин, ЙПХ инспектори томонидан алоқа воситаси орқали берилган хабарга асосан, Урганч туманида хизмат олиб бораётган бошқа бир ЙПХ инспектори ушбу автомашинани тўхтатиш мақсадида уни Урганч шаҳри ҳудудидаги чорраҳага қадар кузатиб борган ҳамда чорраҳада ҳайдовчидан автомашинани йўл чеккасида тўхтатиш ва тегишли ҳужжатларини тақдим этишни сўраган.
Аммо ҳайдовчи, ушбу ЙПХ инспекторининг ҳам қонуний талабини бажармасдан автомашина эшикларини ичкаридан қулфлаб, ЙПХ инспектори автомашина олдида турган бўлишига қарамасдан, ҳаракатни давом қилдира бошлаганида ЙПХ инспектори ушбу автомашинанинг ҳаракатни давом қилдиришига чек қўйиш мақсадида олд ойнасини алоқа воситаси ёрдамида уриб синдирган.
Шундай бўлсада ҳодиса жойидан қочиб кетишга уринган мазкур автомашина Урганч шаҳри ҳудудида кейинги чорраҳада тўсиб ушланган.
Суриштирув жараёнида, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида яшовчи, ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган, 2003 йилда туғилган, Ю.Ш. отасининг номида бўлган мазкур автомашинани, ҳеч қандай ҳужжатсиз бошқарганлиги, бундан ташқари ушбу автомашина иштирокида илгари йўл ҳаракати қоидалари бузилган учта ҳолат бўйича тайинланган жарималар икки ойдан ортиқ муддат давомида тўланмаганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан, тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилди.
Ҳайдовчининг хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати