Иқтидор – келажак пойдевори, ҳамкорлик – унинг гарови!
Юртимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун кенг имкониятлар яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–4306-сонли қарори асосида бу йўналишдаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Шу мақсадда ички ишлар тизими ҳам таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш авлодда ватанпарварлик, масъулият ва билимга интилиш ҳиссини ошириш бўйича амалий қадамлар ташламоқда.
Яқинда Ички ишлар вазирлигининг Хоразм академик лицейи, Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицей, Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети академик лицейи, Урганч давлат педагогика институти академик лицейи ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали академик лицейи ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу келишувнинг асосий мақсади – иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун барча шароитларни яратиш, билимли, фидойи ва Ватанга садоқатли авлодни тарбиялашдан иборат.
Меморандум доирасида таълим муассасалари ўртасида илмий-амалий семинарлар, танлов ва олимпиадалар ташкил этиш, фан ва спорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илғор педагогик тажрибаларни ўзаро ўрганиш кўзда тутилган.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати – ёшларнинг ички ишлар органлари тизимидаги тартиб-интизом, фидойилик ва юртга садоқат анъаналаридан баҳраманд бўлишидир. Бу эса уларнинг келажакда масъулиятли фуқаро, муносиб мутахассис ва ҳақиқий ватанпарвар бўлиб етишишларига замин яратади.
Зеро, иқтидор – келажак пойдевори бўлса, ҳамкорлик – унинг мустаҳкам гаровидир. Таълим муассасалари ўртасидаги бундай ҳамжиҳат қадамлар эса юртимиз тараққиёти йўлида фаол, билимдон ва фидойи авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати