Хоразм вилояти ички ишлар органларида маънавий-маърифий фаолият ва хизмат интизоми юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда хизмат раҳбарияти ҳамда шаҳар ва туман Ички ишлар бўлимларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлари иштирок этдилар.
Йиғилишда ички ишлар органларида маънавий муҳитни соғломлаштириш, ходимларни ватанпарварлик, фидойилик ва масъулият руҳида тарбиялаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Ҳисобот даврида вилоят ИИБ ҳамда унинг соҳавий ва ҳудудий органларида бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилгани, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида турли маърифий, спорт ва маданий мусобақалар ўтказилгани қайд этилди. Шунингдек, ички ишлар ходимлари ва уларнинг оилаларига амалий ёрдам кўрсатилгани таъкидланди.
Шу билан бирга, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, ички тартиб-қоидаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш, ходимлар ўртасида қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар етарли эмаслиги таъкидланиб, бу борадаги ишларни янада кучайтириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Йиғилишда ходимлар билан индивидуал ишлаш, уларнинг маънавий-руҳий ҳолатини чуқур ўрганиш, соғлом муҳитни таъминлаш, ёш кадрлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати