Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўрганишга қаратилган шахсий қабул ўтказилди
Жорий йилнинг 19 октябрь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан бошқарманинг маъмурий биносида фуқароларнинг шахсий қабули ўтказилди.
Мазкур қабулнинг асосий мақсади аҳолининг мурожаатларини тўғридан-тўғри эшитиш, ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ долзарб масалаларни жойида ўрганиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат бўлди.
Қабул жараёнида вилоятнинг турли туман ва шаҳарларидан келган фуқаролар томонидан йигирмадан ортиқ масала кўтарилди. Улар орасида фуқароларнинг ҳуқуқий муҳофазаси, ишга жойлаштириш, жиноятларнинг олдини олиш, профилактика ишларини самарали ташкил этиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар бўйича мурожаатлар каби йўналишлар бўйича масалалар ўрин олди.
Фуқароларнинг билдирган талаб ва таклифлари, ариза ва шикоятлари ҳар томонлама ўрганилиб, уларнинг аксарияти масъул ходимлар иштирокида жойида ҳал этилди.
Қўшимча ўрганишни талаб этган мурожаатлар бўйича тегишли бўлинмалар раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилиб, ижроси назоратига олинди.
Шу билан бирга, фуқаролар билан бўлган очиқ мулоқот жараёнида уларни қийнаётган муаммоларга амалий ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий тушунчалар бериш ва уларнинг мурожаатларини самарали ҳал этишга қаратилган чоралар белгиланди.
Бундай шахсий қабуллар аҳоли ва ички ишлар органлари ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати