30 Октябр 2025 йил 244

Касбини эъзозлаган кам бўлмас

Юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишдаги муносиб ҳиссаси учун Урганч шаҳар ИИБ ЖТСГ бўлинма командири, сержант Расулбек Таганов “25 октябрь-Ички ишлар органлари ходимлари куни” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.

Ҳарбий хизматдан қайтган Расулбек вилоят ИИБ Жанговар ҳолатда қўллаш отрядига хизматга қабул қилинди. Касбий кўникма ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этиш ҳар бир ходим учун муҳим эканлигини яхши англаган лавҳамиз қаҳрамони устозларининг насиҳатларига, ўгитларига амал қилди. Соҳавий хизматга оид адабиётларни қунт билан ўқиди. Шунингдек, шахсий таркиб ўртасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда, спорт мусобақаларида, кўрик-танловларда фаол иштирок этди. Айниқса, жанговар тайёргарлик машғулотларида аниқ ва тезкор ҳаракатлари билан ижобий натижаларга эришди. Бу интилиш унинг тажрибали ходим сифатида шаклланишида муҳим ўрин тутди. Шундан сўнг уни бошқарма раҳбарияти тавсияси билан вилоят ИИБ ЖТСБ ППХ батальони 2-отряд бўлинма командири лавозимига ўтказишди. Сержант Р.Таганов зиммасига юклатилган вазифага янада масъулият билан ёндашиб, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда фаол иштирок эта бошлади. Айниқса, содир этилган жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларни фош этиш, қидирувдаги шахсларни қўлга олишда фаоллик кўрсатди.

Урганч шаҳрида яшовчи А.Х. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилиб, тергов органларидан яширинишни маъқул кўрди. Ички ишлар органлари томонидан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида унга нисбатан қидирув эълон қилинди.

ППХ батальони 2-отряд бўлинма командири, сержант Расулбек Таганов мазкур маълумот асосида тезкор қидирув ишларини олиб борди. Натижада белгиланган қонун талабларига зид равишда яширинишга уринган А.Х. Урганч шаҳар ҳудудида ушланиб, тергов ҳибсхонасига топширилди.

Шунингдек, сержант Р. Таганов ҳамкасби катта сержант Ш. Комилов билан Урганч шаҳридагиШовот” канали бўйида хизмат вазифасини ўтаётиб, нимадандир безовта бўлиб, шошиб бораётган шубҳали шахсни кўриб қолишади. Унинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида чўнтагида 1 дона “ОРРО А18” русумли уяли алоқа телефони борлиги аниқланади. Суриштирувлар давомида у баҳоси 3 миллион сўмлик ушбу телефонни Урганч тумани ҳудудида қаровсиз ҳолда қолдирилган автомашина салонидан ўғирлаб келаётгани маълум бўлади.

-Зиммамиздаги вазифа ички ишлар ходимидан ниҳоятда ҳушёрликни, ҳар қандай мураккаб вазиятда аниқ ва тўғри қарор қабул қилишни талаб этади,-дейди лавҳамиз қаҳрамони.-Хизмат фаолиятим давомида айнан ўша жиҳатларга алоҳида эътибор қаратдим ва хизмат интизоми ҳамда қонун талабларига қатъий риоя қилдим. Фуқаролар билан хушмуомала бўлишга, қонунбузарларга нисбатан муросасиз курашишга ҳаракат қилдим. Айни кунда ҳам ушбу талаблар асосида хизмат фаолиятимни давом эттираяпман.

Айни кунда сержант Расулбек Таганов Урганч шаҳар ИИБ ЖТСГ саф бўлинмалари ППХ отряди бўлинма командири лавозимида хизмат қилмоқда. Ўзининг фидойилиги, касбига бўлган садоқати билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган қаҳрамонимиз шаҳар ҳудудида ўтказилаётган махсус тезкор профилактик тадбирларда ҳам фаол иштирок қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври сарҳисобига кўра,6 та жиноятни фош этишда шахсан фаоллик кўрсатган. Икки нафар қидирувдаги шахсни қўлга олишга эришган. Шунингдек, ўтказилган профилактик тадбирлар давомида кўча ва жамоат жойларида ҳуқуқбузарлик содир этган 245 нафар фуқарога нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирган. Шунингдек, спиртли ичимликка ружу қўйган 71 нафар фуқарони наркология диспансерига, 35 нафарини эса аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш марказига жойлаштирган.

Лавҳамиз қаҳрамони хизмат фаолияти давомида шогирдлар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Натижада ўттиз нафардан зиёд ички ишлар органлари ходимлари устозининг ишончини оқлаб, ҳамкасбларига ўрнак бўлишмоқда.

Мана йигирма тўрт йилдирки халқ осойишталигини таъминлашдек шарафли касбда сидқидилдан хизмат қилаётган сержант Расулбек Таганов халқ назарига тушди, ҳамкасбларининг ҳурмат эътиборини қозонди. Бу эътироф унга давлатимизнинг юксак мукофотини инъом этди.

 

                                                                Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                     "Постда" газетаси мухбири

Text to speech