30 Октябр 2025 йил 96

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедов Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциациясининг Хоразм вилояти бўлими раиси этиб сайланди

Бугун Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари-ММА ассоциацияси Хоразм вилояти бўлимининг навбатдан ташқари сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи ва масъул ходимлари, вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи, вилоятда аралаш жанг санъати билан шуғулланувчи бир гуруҳ ёшлар ва уларнинг мураббийлари иштирок этдилар.

Дастлаб, вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи йиғилиш кун тартиби тўғрисида маълумот бериб, Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари (ММА) ассоциацияси Хоразм вилояти бўлими раҳбариятига номзодларни таклиф этди.

Унга кўра, ассоциациянинг Хоразм вилояти бўлими раҳбари этиб Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедов, раҳбар ўринбосарлигига эса, вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келаётган полковник Илҳом Тиллаев сайланди.

Шунингдек, раҳбарнинг ташкилий масалалар бўйича ўринбосари, ассоциация вилоят бўлимининг котиби, ижрочи директори ва бош мураббийига тавсияга этилган номзодлар делегатлар томонидан бир овоздан тасдиқланди.

Шундан кейин вилоят ИИБ бошлиғи сўзга чиқиб, юксак ишонч учун барчага миннатдорчилик билдириб, келгусида вилоятимизда аралаш жанг санъатини янада ривожлантириш мақсадида, ёшлар орасида ушбу спорт турини оммалаштириб, уларга зарур инфратузилма яратилишини таъкидлаб ўтди.

Хусусан Хоразм вилоятида аралаш жанг санъати билан шуғулланувчи ёшлар учун спорт мактаблари, жисмоний тайёргарлик марказларида махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиши, спортчиларнинг машғулотларини янада самарали ташкил этиш мақсадида вилоят ИИБ спорт мажмуасида октагон ташкил этиш режалаштирилганлиги, спортчиларга ички ишлар тизимидаги тиббиёт муассасасида бепул тиббий кўрикдан ўтиш имконияти берилиши айтиб ўтилди. Шу билан биргаликда бу спорт нафақат куч, балки ирода, сабр ва интизомни талаб қилиши тушунтирилди.

Ўз навбатида йиғилишда иштирок этган мутасаддилар ва спортчининг фикр-мулоҳазалари эшитилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шундан кейин ассоциациянинг вилоят бўлими раҳбари ҳудудларда ёшларнинг аралаш жанг санъати билан шуғулланиши учун яратилган шарт-шароитлар билан бевосита танишиш учун Урганч шаҳридаги спорт мажмуасига ташриф буюрди.

У ерда спортчи ёшлар билан учрашиб, уларнинг келгуси орзулари ва режалари тўғрисида суҳбатлашди.

Мажмуада яратилган шарт-шароитлар юқори баҳоланиб, бу каби спорт залларини вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ташкил этиш ва шу ҳудудда истиқомат қилувчи ёшларни кўпроқ жалб этиш белгилаб олинди.

Спорт билан шуғулланувчи ёшларнинг жисмоний имкониятлари ва тайёргарлик жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этилди.

Хоразм вилоятида аралаш жанг санъатлари – ёшлар иродаси ва кучи рамзига айланади десак муболаға бўлмайди.

Ассоциациянинг асосий мақсади — ёшларни соғлом турмуш тарзига ундаш, уларни жисмонан бақувват, маънан етук ва ватанпарвар шахслар этиб тарбиялашдир.

Ана шундай ташаббуслар ва ҳамжиҳатлик орқали Хоразм спорти янги марраларни забт этиши шубҳасиз.

Чунки аралаш жанг санъати – бу фақат спорт эмас, бу ирода, матонат ва Ватанга садоқат рамзидир.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech