Аҳоли мурожаатлари ўрганилди
2025 йил 2 ноябрь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида навбатдаги шахсий қабул ўтказилди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ турли йўналишлардаги масалалар юзасидан 20 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлар асосан ҳуқуқий масалалар, жиноят ишларини кўриб чиқиш, иш жойига тикланиш, фуқаролик муносабатларидаги низолар, жамоат тартибини сақлаш ва профилактика инспекторлари фаолиятига оид йўналишларни ўз ичига олди.
Раҳбарият томонидан ҳар бир мурожаат синчиклаб ўрганилди. Аҳолининг аксарият саволларига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, қўшимча текширув ёки ўрганишни талаб этувчи масалалар бўйича тегишли тармоқ раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди. Барча мурожаатлар назоратга олиниб, уларнинг ҳал этилиши бўйича масъул ходимлар белгилаб олинди.
Таъкидлаш жоизки, ички ишлар органлари фаолиятида фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ариза ва шикоятларига холисона ёндашиш, ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати эканини чуқур ҳис этиш – тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу каби шахсий қабуллар орқали фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилиши, жойлардаги муаммоларни ўрганиш орқали соҳадаги тизимли ишни такомиллаштиришга эришилади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати