16 Ноябр 2025 йил 77

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш мақсадида қабул ўтказилди

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан фуқароларнинг муаммоларини тинглаш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва очиқ мулоқотни ривожлантириш мақсадида бошқарманинг маъмурий биносида навбатдаги шахсий қабул ўтказилди.

Қабул давомида фуқаролар томонидан ички ишлар органлари фаолиятига оид, шунингдек, ижтимоий, ҳуқуқий, меҳнат ва маъмурий йўналишлардаги 20 дан ортиқ мурожаатлар билдирилди. Мурожаатлар жиноят ишларини кўриб чиқиш, фуқаролик-ҳуқуқий низолар, жамоат тартибини сақлаш, профилактика инспекторлари фаолияти ва бошқа масалаларни ўз ичига олди.

Бошқарма бошлиғи томонидан ҳар бир мурожаат синчиклаб тингланиб, фуқароларга жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганиш ва амалий чора кўришни талаб этган масалалар тегишли хизмат раҳбарларига юклатилиб, қатъий назоратга олинди.

Таъкидлаш жоизки, ички ишлар органларида фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ариза ва шикоятларини адолатли кўриб чиқиш ҳамда ҳар бир мурожаатга тизимли ёндашиш — соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир.

Шу каби шахсий қабуллар орқали фуқароларнинг муаммоларига қонуний ва амалий ечим топиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли ва ички ишлар органлари ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга эришилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech