25 Октябр 2023 йил 4820

25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни байрами муносабати билан Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Равшан Султанходжаевнинг соҳа ходимлари ҳамда фахрийларига байрам табриги

Қадрли ички ишлар органлари ходимлари!

Ҳурматли фахрийлар!

25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни байрами муносабати билан ўз ҳаётини фуқароларимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли ишга бағишлаб келаётган ички ишлар органлари ходимлари,  муҳтарам фахрийларимизни ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган касбдошларимизнинг оила аъзоларини самимий табриклайман.

Юртимиз ўтган қисқа давр ичида, ўзининг очиқ сиёсати ҳамда изчил ислоҳотлари билан минтақамиздаги йирик сиёсий, иқтисодий ва маданий марказга айланиб, халқаро майдондаги обрў – эътиборини тобора мустаҳкамлаб бормоқда.

Жамиятимизда кечаётган туб ислоҳотлар жараёнида Ички ишлар органлари фаолиятини ҳам бугунги давр талаби ва халқ ҳоҳиш-иродасини эътиборга олган ҳолда такомиллаштириш, қайта ислоҳ қилиш борасида катта муваффақиятларга эришилди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ички ишлар органларини аҳолига ва ҳар бир оилага янада яқинлаштириш, бу тизимни чин маънода халқчил тузилмага айлантиришдек масъул вазифа турибди десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар билан бир қаторда, фидойи ходимларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Албатта, бу имкониятлар Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, “Янги Ўзбекистоннинг ички ишлар органлари ходимлари-Ватанимизнинг асл ўғлонлари сифатида замонавий билимларни эгаллаган, маънавий ва маърифий дунёси бой, ҳар қандай хавф-хатарга қарши матонат билан курашишга тайёр халқимизнинг чин маънодаги ҳимоячилари” учун яратилмоқда.

Энг муҳими, ҳар бир раҳбар ва ходимнинг жиноятчиликка қарши курашишга бўлган қараши тубдан ўзгариб, кундалик хизмат фаолияти давомида фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятларнинг олдини олиш биринчи навбатдаги энг асосий вазифасига айланди.

Фурсатдан фойдаланиб, ўз хизмат бурчига, Ватанимизга садоқатли, халқ манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган фидойи ва жонкуяр ҳамкасбларимизни, ўз умрини юрт тинчлигига бағишлаган фахрийларимизни касб байрами билан яна бир бор табриклаб, хизмат фаолиятингизда муваффақиятлар, узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилангизга файзу барака тилайман.

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Р.И.Султанходжаев 

Text to speech