25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни. Фахрийлар-фахримиз: Истеъфодаги полковник Гулнора Рўзметова
Юртимизда ҳаётини халқ фаровонлигига бахшида этаётган аёллар жуда кўп. Улардан бири истеъфодаги полковник Гулнора Рўзметовадир.
Гулнора Урганч шаҳридаги 75-сонли мактабни тугатгач, Россия Федерациясининг Волгоград шаҳридаги Олий тергов мактабига ҳужжатларини топширди. Шарофат она қизининг ўз орзусига бўлган интилишини кўриб, унинг раъйига қарши бормади. Билим доираси кенг, теран фикрли бу қиз синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафига қабул қилинди. Фанларни ўзлаштиришда ҳам, жамоат ишларида ҳам курсдошларига ўрнак бўлаётган Гулнора олийгоҳ раҳбарияти ва ўқитувчиларининг ишончини қозонди. У билим юртини тугаллагач, Урганч шаҳар ИИБнинг тергов бўлимига хизматга қабул қилинди. Ота касбини эгаллаган Гулноранинг орзуси ушалди. Аслида отаси раҳматлик Дурдибой ака Рўзметов ҳам Урганч шаҳар ИИБ патрул-пост хизмати милиция ротасида узоқ йиллар самарали хизмат қилганди. Олийгоҳдаги назария ва амалиёт илмининг уйғун тарзда олиб борилгани ёш терговчининг хизмат фаолиятида қўл келди. Энди у севган касбига ўзгача бир ихлос билан ёндошди. Тергов хизматининг фидойилари Рустам Отажонов, Баҳром Нуруллаев, Отагалди Бобожонов, Матназар Отабоев ҳамда Ҳабибулло Абдуллаевлар Гулнорага ўз билим ва тажрибаларини ўргатишга астойдил ҳаракат қилишди. Мураббийларининг ўгитларига амал қилган бу қиз тергов жараёнларини ниҳоятда синчковлик ва пухталик билан олиб бориши билан ҳамкасбларига ўрнак бўла бошлади. У ёш бўлса-да, аёлларнинг нафақат оилада балки, жамиятда ҳам ўзига хос муносиб ўрни ва ҳиссаси борлигини исботлашга ҳаракат қилди. Гулноранинг касбига бўлган интилиши ички ишлар бўлими раҳбариятида илқ фикрлар уйғотди. У аввал терговчи, катта терговчи, бўлинма бошлиғи сўнгра эса вилоят ИИБ ЖҚ ва ТҚКБ катта тезкор вакили вазифаларида самарали хизмат қилди. Лейтенант унвони билан хизмат фаолиятини бошлаган Гулнора Рўзметова полковник унвонигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди. Йигирма йилдан зиёд бир соҳада яъни тергов хизматида сидқидилдан меҳнат қилди.
-Вилоятда полковник унвонига эга бўлган ягона аёл сифатида эътироф этилган Гулнора Рўзметова хизмат фаолияти давомида кўплаб ёш ходимларга устозлик қилди,-дейди вилоят ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Аминбой Тожиев.-Айни кунда улар юрт тинчлиги, халқ осойишталигини таъминлашдек шарафли касбда сидқидилдан хизмат қилишмоқда.
Ҳаётда ўзининг фидойилиги билан кўпчиликка ибрат бўлаётган Гулнора опа Рўзметова сингари аёлларни ҳар қанча эъзозласак арзийди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.