20 Октябр 2022 йил 605

25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни. Осойишталик посбонлари – ППХ фаолиятига назар

Хоразм вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони ходимлари ўзларига беркитилган ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича самарали ишларни амалга оширишяпти.  

Кундузги ҳамда тунги патруллик гуруҳларидан иборат бўлган батальон ходимлари Урганч шаҳри ҳудуди бўйича 40 та йўналишда хизмат олиб боришмоқда. Жорий  йилнинг ўтган даври мобайнида хизмат ходимлари томонидан назоратдаги ҳудудларда турли ҳуқуқбузарликлар содир қилган ҳамда шубҳа остига олинган 73 124 нафар фуқаролар шахсини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларига олиб келинган. Улардан 6789 нафарига нисбатан профилактика инспекторлари ҳамда ЙПХ ходимлари томонидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб,  763 нафар фуқаро маст ҳолатдаги шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реаблитация этиш пунктларига, 234 нафари эса шахсини аниқлаш мақсадида Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси реаблитация марказига жойлаштирилди. Ходимлар ташаббуси билан турли кўринишдаги 34 та жиноят аниқланди ва содир бўлиши мумкин бўлган 27 та жиноятнинг барвақт олди олинди. Шунингдек, ходимларнинг хушёрлиги ҳамда хизмат вазифасига масъулият билан ёндошиши туфайли қидирувда бўлган 8 нафар шахс қўлга олинди ва тегишли органларга топширилди.

Урганч шаҳар марказий деҳқон бозорига тушган гурланлик В. Ширин одамлар гавжум жойдан ўтаётиб, ён чўнтагидаги уяли алоқа телефонини ўғирлатиб қўйди. Саросимага тушган аёл ён-атрофига қаради. Аммо шубҳали кимса кўринмади. Шу пайт савдо расталари оралаб бораётган вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони ходимларига кўзи тушди. У дарҳол осойишталик посбонларининг ёнига бориб, “Samsung” русумли уяли алоқа телефонини ўғирлаб кетишганини айтди.

Аёлнинг мурожаатидан сўнг ППХ батальони ходимлари дарҳол бозор ҳудудида хизмат вазифасини ўтаётган ҳамкасблари билан боғланишди ва воқеа тафсилотини уларга етказишди. Олиб борилган тезкор саъй-ҳаркатлар натижасида бозор ҳудудидан чиқаверишда муқаддам судланган Т.Р. қўлга олинди. Шубҳали кимсанинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида жабрланувчига тегишли бўлган “Samsung” русумли уяли алоқа телефони борлиги маълум бўлди.

-Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, содир этилган жиноятларни тезкорлик билан фош этишда замонавий техника воситалари ҳамда инновацион технологиялардан самарали фойдаланилмоқда,-дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони командири, подполковник Ҳамид Қурбонов.-Айниқса, Скутер ҳамда Сигвей ҳаракатланиш воситалари шаҳар ҳудудидаги кўп қаватли бинолар оралиғида, турли йўлакчалардан шовқинсиз ва тезкорлик билан ҳаракатланиш, ҳудудни қисқа вақт оралиғида ишончли назорат қилиш имконини бермоқда. Шунингдек, Урганч шаҳрининг марказий кўчалари, сайлгоҳлар, хиёбонлар, бозорлар каби аҳоли гавжум ҳудудларида патруль-пост хизмати батальонига қарашли 8 та “Мунтазам маскан”лар фаолияти ташкил этилган. Ушбу масканларда ходимларимизнинг куну-тун самарали хизмат қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Бу ерда замонавий алоқа воситалари, компьютер техникалари, мебель жиҳозлари ҳамда ходимларимизнинг кундалик хизмат фаолиятида зарур бўладиган барча қўлланмалар жойлаштирилган. “Мунтазам маскан”лар атрофига ўрнатилган камералар ёрдамида ҳудудни бевосита кузатиб бориш, воқеа жараёнларини таҳлил қилиш, бирон бир хавф хатар ёки ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда ҳодиса жойига зудлик билан тезкор гуруҳни йўналтириш имконияти  мавжуд.

Бошқарма раҳбарияти томонидан шахсий таркибнинг билим ва касбий маҳоратини оширишга, маънавиятини юксалтиришга, жанговар шайлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Замон талабларига ҳамоҳанг ҳолда ташкил этилган бу каби хизмат жараёнлари осойишталикни таъминлаш, турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда муҳим ўрин тутмоқда.

 

                                                                           Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                  “Postda” мухбири.

Text to speech