25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни. Янгибозор тумани ИИБ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори катта лейтенант А.Нурманованинг хизмат фаолияти
Янгибозор туманида хотин-қизлар ўртасида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича маҳаллий ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда асосан ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, судланган, яшаш манзилидан узоқ муддатга чет давлатларга кетган хотин-қизлар билан профилактик суҳбатлар олиб бориляпти. Маҳаллаларда тегишли ташкилот ҳамда идоралар вакилларидан иборат “Ишчи гуруҳ”лари тузилиб, ҳар бир оиладаги хотин-қизларнинг турмуш тарзи, муаммолари атрофлича ўрганилиб, уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
-Туманимиз ҳудудида 1701 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, улар билан тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида тизимли ишлар олиб борилмоқда,-дейди туман ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, катта лейтенант Адолат Нурманова.-Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу оилаларнинг муаммолари ўрганиб чиқилди. Натижада 539 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 1031 нафарига маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан моддий ёрдам берилди, 720 нафарига психологик ёрдам кўрсатилди. Таъзиқ ва зўравонликдан жабрланган 117 нафар аёлга “Ҳимоя ордери” топширилиб, ушбу оилалар алоҳида эътиборга олинди. Шунингдек, ажрим ёқасига келиб қолган 92 та оиладан 68 тасини яраштириш имкониятига эришилди. Пробация гуруҳи рўйхатида турган 10 нафар хотин-қизлар билан психологик ҳамда профилактик суҳбатлар олиб борилди. Айни кунда бу каби профилактик тадбирлар белгиланган режа асосида давом этмоқда.
Хизмат ходимлари оила-турмуш муносабатлари доирасидаги низоларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида хонадонларга чиқиб, хотин-қизларнинг турмуш тарзи, оилавий аҳволи ҳамда муаммоларини ўрганиб боришмоқда. Амалга оширилаётган бу каби профилактик тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида хотин-қизлар томонидан жиноят содир этилиши 85,7 фоизга камайишига эришилди. Шунингдек, кўплаб оилалардаги ажримларнинг, низоли ҳолатларнинг олди олинди.
Амалга оширилаётган ҳамкорликдаги тадбирлар жараёнида “Ҳимоя ордери” хотин-қизлар ҳуқуқларининг ишончли кафолати сифатида намоён бўлмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.