7 Март 2022 йил 727

8 март – Хотин қизлар куни байрами муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди

Жамиятнинг барча соҳаларидаги каби ҳуқуқ-тартибот органларида хизмат қилувчи хотин-қизлар сони ортиб бораётгани қувонарли ҳолдир.

Шу билан биргаликда хотин-қизлар учун муносиб иш шароитини яратиш ҳамда уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда десак, муболаға бўлмайди.

Урганч шаҳридаги тантаналар мажмуасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан уюштирилган байрам кечасига Хоразм вилояти ички ишлар органлари тизимида фаолият олиб бораётган барча хотин-қизлар ва соҳанинг фахрий аёллари ҳамда хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари таклиф этилди.

Байрам тантанасида Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов сўзга чиқиб, иштирокчиларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами билан самимий муборакбод этди.

Шунингдек сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан тақдирланган бир гуруҳ ходималарга мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, хизматда юқори кўрсаткичларга эришиб келаётган хотин-қизларнинг оналари ҳам байрам кечасига таклиф этилди ва уларга байрам совғалари топширилди.

Хоразм вилоятида ижодий сафар билан бўлиб турган Миллий академик театри таниқли актёрларининг ушбу тантанали тадбирга ташриф буюрганликлари эса тадбирнинг янада таассуротларга бой бўлишини таъминлади.

Ўзбекистон халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Эркин Комилов, Ёқуб Ахмедов, Тоҳир Саидов, Зуҳра Ашурова, Раъно Ярашова, Муқаддас Ҳолиқова ва Гулора Раҳимовалар томонидан ижро этилган монолог ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Ўз навбатида элимиз ардоғида бўлган ушбу санъаткорларга ҳам бошқарма бошлиғи томонидан баҳорий гулдасталар  ва байрам совғалари  топширилди.  

Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва жозибадор рақслар байрам тантанасига ўзгача завқ бахш этди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech