Аёлларнинг жамиятдаги фаоллиги ошмоқда
Ҳазорасп туманида
хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, муаммоларига
ечим топиш, улар томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг
барвақт олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, ҳуқуқбузарлик содир
этишга мойил бўлган, судланган, яшаш манзилидан узоқ муддатга хорижий мамлакатларга
кетган хотин-қизлар билан кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга
ошириляпти. Бунда туман ИИБ ЖХХ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта
инспектор, капитан Анапошша Қурбонованинг маҳаллий ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза
қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорлиги самарали натижалар
бермоқда.
-Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида турли ҳуқуқбузарликлар
содир этган 14 нафар хотин-қизлар профилактик ҳисобга олиниб, улар билан
манзилли чора-тадбирларамалга ошириляпти,-дейди капитан Анапошша Қурбонова. -Шунингдек,
турли келишмовчиликлар туфайли юзага келган 91 та оиладаги низолар манзилли бартараф
этилди ва 9 та оилани яраштиришга эришилди. Тазйиқ ва зўравонликка учраган 16
нафар хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” берилиб, улар давлат ҳимоясига олинди.
Ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда амалга оширилган бу каби тадбирлар натижасида хотин-қизлар
томонидан жиноят содир этилишига йўл қўйилмаяпти.
Оила-турмуш доирасидаги
низолар ҳам жамиятимиз ривожига салбий таъсир этувчи омиллардан саналади. Шу
боис, хизмат ходимлари бу борадаги нохуш ҳолатларнинг барвақт олдини олишга ҳам
алоҳида эътибор беришяпти.
Ҳазорасплик К.Сотимбой ҳеч қаерда ишламасдан ичкиликка берилди ва оиласига,
фарзандлари тарбиясига қарамай қўйди. Зулайҳо эрининг инсофга келишини, оила
аъзолари билан тинч-тотув яшашини узоқ кутди. Аммо унинг бу орзуси сароблигича
қолаверди. Анашундай кунларнинг бирида у яна уйига маст ҳолатда кириб келди ва
аримаган баҳоналар билан турмуш ўртоғини калтаклади. Эрининг зўравонликларидан асаби чарчаган аёл фарзандларини олиб
отасиникига кетиб қолди. Бу Сотимбойга қўл келди ва ичкиликни давом эттирди. Бундан
хабар топган қариндош-уруғлар, маҳалла фаоллари, нуроний отахону-онахонлар
уларга оила муқаддаслиги, унга бефарқ бўлмасликларини тушунтиришди,
маслаҳатлар, насиҳатлар беришди. Аммо жабр-ситамларга чидолмаган Зулайҳо
ярашишни истамади. Шундан сўнг бу келишмовчиликка туман ИИБ ЖХХ ҲПБ
Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, капитан Анапошша Қурбонова
ҳамда маҳалла профилактика инспектори аралашди ва уларга ҳар иккала томоннинг
ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ажримнинг салбий оқибатлари ҳаётий мисолларда
тушунтирилди. Шу орада Сотимбой ҳам ихтиёрий даволаниш муассасасига ётқизилди.
Орадан бироз муддат ўтгач эса фермер хўжалигига ишга жойлаштирилди.
Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар ёрдамида оиладаги салбий муҳит ижобий томонга
ўзгарди ва эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик барҳам топди.
Туман ҳудудида истиқомат
қилаётган кам таъминланган, якка ёлғиз, боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронлиги
бўлган аёлларнинг турмуш шароитини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Уларга ҳокимлик, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда маҳалла
фуқаролар йиғинлари томонидан моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш ишлари давом
этаяпти. Бу каби профилактик тадбирлар аёлларнинг жамиятдаги мавқеини
мустаҳкамлаш ҳамда фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбиримиз