11 Феврал 2021 йил 14943

Алишер Навоий мероси – миллатимиз хазинаси

       Алишер Навоий шоир, олим, тарихчи, танқидчи, тилчи, адабиёт назариётчиси, сиёсий арбоб ва ҳаттот эди. Унинг асарлари яхлит олганда, ҳаёт қомусига ўхшайди. Чунки бирор - бир ҳаётий масала, инсонга хос қадрият ва туйғулар, фазилат ва иллатлар йўқки, у қаламга олмаган бўлса! Ёшларга қарата шундай дейди:

                                        Йигитликда йиғ илмнинг маҳзани,

                                        Қарилиғ чоғи сарф қилғил ани.

        Аввало, ёшликда эгалланган билим тошга ўйилган нақш каби мустаҳкам бўлиши маълум. Қолаверса, кейин ҳаёт ташвишларига кўмилиб, илм эгаллашга  фурсат ҳам, имкон ҳам қолмайди. Бора – бора, халқ таъбири билан айтганда, “Хотира ҳам айтганни қилмайди”. Ҳар бир ўқувчи – ёш ўқиб, изланиб маънавий қадриятларни қадрига етса комил инсон ғояларини адо этган бўлади.

       Янги Ўзбекистонни барпо этишда иккита мустаҳкам устунга таянилмоқда. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқисодиёт. Иккинчиси – аждодларимиз бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир.

       Ички ишлар вазирлигининг Хоразм академик лицейида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланди. “Алишер Навоий мероси – миллат хазинаси” мавзусида тадбир, ғазалхон ёшлар беллашуви, адиб ижоди ёритилган видеоролик, кўргазмали чизмалар, саҳна кўринишлари ташкил қилинди. Инсонга бундай адабий-бадиий тадбирлар маънавий озуқа беради, фикрни теранлаштиради, дунёқарашни, онгни ривожлантиради. Миллий қадриятларимизга ҳурмат, урф-одатларимизга содиқ бўлишга ундайди.

         Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек: “Миллий тарихни руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур”.

        Миллий тарихни адабиёт санъати билан узвий боғлаган ҳолда маънавий тарбияни ёшлар онгига янада чуқурроқ сингдириш мумкин.

         Ишонамизки, Ҳазрат Навоий шахси ва ижоди ёш авлод қалбида абадийликка макон тутади.

ИИВ Хоразм академик лицейи ўқитувчиси Г.Ҳажиметова

Text to speech