9 Август 2020 йил 809

Аҳолини ижтимоий қўллаб қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга  ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқди.

Хоразм вилоятида мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада фуқаролар йиғини раиси раҳбарлик қилувчи, ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторлари, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий, ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари, фуқаролар йиғини кенгаши аъзолари, имом хатиб, мактаб директори, мактабгача таълим ташкилоти раҳбари, патронаж ҳамшира, кўча ва уй бошиларидан иборат Штаблар тузилди.

Айни кунларда вилоятимизда мазкур штаблар фаолиятини тўғри ташкил этиш мақсадида, Ички ишлар вазирининг 3 август кунидаги Фармойиши асосида ИИВ масъул ходими полковник М.Мухаммаджанов ва вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Қисқа муддатда штаб аъзолари томонидан ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтожлар рўйхати шакллантирилиб, уларга эҳтиёжмандлик ҳолати бўйича мурожаат қилиш тартиби юзасидан эслатма варақалари (карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда) тарқатилди.

Эндиликда маҳаллаларда ташкил этилган штаблар аъзолари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида сектор раҳбарлари ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларда аниқланган муаммолар ҳолатидан келиб чиқиб, уларга моддий ёрдам ажратиш ишларини ташкил этадилар.

Юқоридаги чора-тадбирларнинг барчаси коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилгандир.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech