Ашёвий далил тариқасида олинган “опий” 301 грамм эканлиги маълум бўлди
Инсоният тараққиётининг кушандаси, аср вабоси дея таърифланадиган гиёҳвандликка қарши курашиш муросасиз давом этмоқда.
Хусусан, ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси ва Хоразм вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан 2023 йил 3 январь куни ўтказилган тезкор тадбир натижасида гумондорлардан жами 301 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида олинди.
Жумладан, олинган тезкор маълумотлар асосида 3 январь куни Ҳазорасп туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган, М.О. нинг уйи кўздан кечирилганида, ҳовлисидаги ертўлада 21 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги маълум бўлди. Гумондор билан олиб борилган суриштирувдан кейин, шу куннинг ўзида, унинг таниши, Ҳазорасп туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган, Х.Ж. бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида эса, у автомашинасининг салонида 280 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати