Биз тазйиқ ва зўравонликка қаршимиз
Бутун дунё халқлари каби биз ҳам коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ синовли кунларни бошимиздан кечирмоқдамиз. Албатта сабр-қаноатли халқмиз ушбу кунларни матонат билан енгиб чиқишига барчамиз ишонамиз. Шу кунларда халқимизнинг ўзаро хурмат, мехр-оқибатининг нақадар юксак даражада эканлигини яна бир бор гувоҳи бўлмоқдамиз. Карантин шароитида айрим оилаларда юзага келган моддий етишмовчилик ҳолатларини четлаб ўтишда саховат ва кўмак жамоатчилик жамғармаси томонидан озиқ-овқат махсулотлари ва пул маблағларининг тарқатилаётганлиги биринчи навбатда оила бекаси бўлган аёлларимизни қўллаб-қувватлашнинг амалий ифодаси бўлмоқда десак муболаға бўлмайди.
Аммо бугунги кунда жамиятимизда учраб тураётган бир нохуш ҳолат борки уни бартараф этишда барчамиз бирлашишимиз лозим. Бу ҳам бўлса хотин-қизларнинг зўравонлик ва тазйиққа учрашишини олдини олиш, айтиш лозим бўлса бундай холатларга умуман йўл қўймасликдир.
Давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуслари билан сўнги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинди.
Шулардан энг асосийси сифатида мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлигини айтиб ўтишимиз мумкин.
Ички ишлар органларида хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимларининг жорий этилганлиги эса ожиз жинс вакиласи ҳисобланмиш хотин-қизларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш мақсадида ташланган энг дадил қадамлардан биридир.
Айни кунларда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида анашу йўналишда 18 нафар хотин-қизлар хизмат олиб боришмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида ходималаримиз вилоятимиздаги нотинч оилалардаги муаммоларни ўрганиш давомида 193 нафар хотин-қизларнинг турмуш ўртоғи, қайнонаси, қайнотаси ва бошқалар томонидан зўравонлик ва тазйиққа дучор бўлганликларини аниқлаб, жабрланган аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида “Ҳимоя ордери”ни беришди. Шулардан
106 нафари жисмоний, 3 нафари иқтисодий, 43 нафари руҳий зўравонликка учраган бўлсалар яна 41 нафар опа-сингилларимиз турли тазйиқларга учраганлар.
Бугун аёлларимиз ўртасида урф бўлаётган салбий ҳолатлардан яна бириси бу оила-турмуш доирасидаги муаммо ва келишмовчиликларни ўзбошимчалик билан ҳал этишга уринишларидир.
Жорий йилнинг ўзида Қўшкўпир ва Гурлан туманида бир гуруҳ хотин-қизлар томонидан бошқа бир аёлни уриб тан жароҳати етказишганлиги ҳамда бу жараённи видеотасвирга олиб ижтимоий тармоққа жойлаштирилганлиги бунга мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Албатта ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар ва кенг жамоатчиликнинг нафратини келтириб чиқарган бу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ва суд ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Азиз юртдошлар, Тўмарис, Нодирабегим, Увайсийлар авлоди бўлган опа-сингилларимиз томонидан содир этилаётган бу каби жирканч иллатлар нафақат миллатимиз шаъни учун, шу билан биргаликда қонунларимизга ҳам мутлақо зиддир.
Илгари судланган, озодликдан махрум қилиш жазосини ўтаган деган ибораларни жамиятимиз аъзоси бўлган хотин-қизларнинг шахсига нисбатан ишлатилишига йўл қўймайлик. Бунинг учун аёлларимиздан сабр-қаноат, вафо ва садоқат, эркакларимиздан эса меҳр-мурувватли бўлиш талаб этилади холос.
майор Дилноза Боғбекова,
Хоразм вилояти ИИБ ҲПБ
бошлиғининг ўринбосари