Боғот туманидаги қотиллик жинояти жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
Ҳар қандай жиноятни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилишдан кўзланган асосий мақсад келгусида шу каби жиноятларни қайта содир этилишини олдини олишда кенг жамоатчиликнинг иштироки ва масъулиятини оширишдир.
Жорий йил 20 август куни Боғот туманида содир этилган мудхиш қотиллик жинояти Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов томонидан Боғот туманида жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.
Дастлаб, жиноят тафсилотлари юзасидан Боғот тумани прокурори батафсил ахборот бериб, жумладан Боғот туманида жойлашган ғишт ишлаб чиқариш заводида ишловчи шахслар спиртли ичимлик таъсирида ўзаро низолашиб қолганликлари ва якунда бир ишчи иккинчи ишчига ошхона пичоғи билан жароҳат етказиб, ўлимига сабабчи бўлганлигини айтиб ўтди.
Шундан кейин жоният содир этилган ҳудуд яъни Боғот тумани “Қалажиққалъа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг ўринбосарлари томонидан маҳаллада олиб борилган тарғибот-ташвиқот ҳамда профилактик чора-тадбирлар, шунингдек маҳаллабай, хонадонбай усулида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Муҳокама йиғилишида иштирок этган жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ва келгусида бу каби мудхиш жиноятларнинг олдини олиш борасидаги таклифлари тингланди.
Муҳокама якунига кўра ўз хизмат вазифаларини бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйиб келган масъул шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати