29 Октябр 2020 йил 788

Бошқарма хотин-қизларининг хизмат фаолияти таҳлил этилди

Бугун ички ишлар органлари ходимлари орасида хотин-қизларнинг сафи ортиб бормоқда. Бу мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг фаоллиги ошаётганлигининг бир кўринишидир десак хато бўлмайди.

Сўнгги йилларда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ва унинг ҳудудий ҳамда соҳавий йўналишларида ҳам хотин-қизлар сафи анча кенгайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, тизимда фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини тизимли равишда ошириб бориш мақсадида вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси таркибида хотин-қизлар масалалари бўйича бош инспектор лавозими жорий этилди.

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Хоразм вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси томонидан ташкил этилган навбатдаги йиғилишга вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган барча хотин-қизлар таклиф этилди.

Дастлаб хотин-қизлар янги экспонатлар билан бойитилган вилоят ИИБ “Меҳнат ва жанговор шуҳрат музейи”га ташриф буюрдилар. Ушбу ташриф уларга соҳа тарихи билан яқиндан танишиш имконини берди.

Бошқарма мажлислар залида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказилган йиғилишда вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари майор Л.Яқубов ва бош инспектор майор Ю.Ҳамдамовалар сўзга чиқиб бугунги кунда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар. Хотин-қизларнинг соҳада тутган ўрни ва нуфузини янада ошириш учун хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий риоя қилинишини таъминлаш борасида зарур тавсиялар берилди.

Йиғилиш якунида хизмат фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган ҳамда намунали ҳулқи билан касбдошларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходималарга “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалар топширилди.  

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech