9 Май 2022 йил 409

Бошқармада байрам шукуҳи: Эътибор ва эътироф халқимизга хосдир

Айни кунларда мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 77 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Сана муносабати билан Хоразм вилояти ИИБ га соҳанинг бир гуруҳ фидойи ходимлари, фахрийлари ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг яқинлари таклиф этилди.

Анъанага кўра байрам тадбири Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижроси билан бошланди.

Шундан кейин табрик учун сўз Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедовга берилди.

Бошқарма бошлиғи ўз нутқида иккинчи жахон уриши даврида мамлакатимиз аҳолиси бошидан кечирган оғир кунлар, шу билан биргаликда ота-боболаримиз кўрсатган жаросатлари тўғрисида тўхталиб, бугунги кунда мамлакатимизда тинчлик осойишталикни таъминлаш борасида қўлга киритилган ижобий ютуқлар ҳақида сўз юритиб, иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ота-боболаримиз қаторида жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш йўлида ўз жонидан кечган ички ишлар органлари ходимларнинг ҳам ёрқин хотираси касбдошлари хотирасида мангу сақланишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек бошқарма бошлиғи ўз нутқи давомида Ички ишлар Вазирининг байрам муносабати билан йўллаган табригини ҳам ўқиб эшиттирди.

Тантанали тадбир тақдирлаш жараёни билан давом этди.  

Ходимнинг эришган ютуқлари ва қўлга киритган ижобий натижаларини эътироф этиш уни келгусида янада шижоат билан хизмат қилишга ундайди. Шуни инобатга олган ҳолда байрам муносабати билан Ички ишлар Вазирининг буйруғига асосан бир гуруҳ ходимлар ва уларга ўзларининг бой ҳаётий тажрибасини ўргатиш билан устозлик қилиб келаётган соҳа фахрийларидан бир гуруҳи вазирликнинг кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалари билан  тақдирланди.

Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти ва шахсий таркибининг доимий эътиборида бўлган фахрийлардан бир гуруҳига ва хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг яқинларига ҳам байрам совғалари улашилди.

Тадбир якунида сўзга чиққан Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Р.Р.Раҳимов, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва юксак эътироф ҳамда ишонч учун ўз ташаккурларини билдириб, ички ишлар органларининг ҳар бир фахрий ходими Ватанга ва халққа садоқат билан қилишга тайёр доимо тайёр эканлигини айтиб ўтди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech