Бошқармада байрам шукуҳи: Мукофотлар тантанали равишда топширилди
Айни кунларда мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида энг азиз, энг улуғ байрам – давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Хоразм вилояти ИИБнинг байрамона безатилган тантаналар залига ҳам соҳанинг бир гуруҳ фидойи ходимлари, фахрийлари ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг яқинлари байрам муносабати билан йиғилди.
Анъанага кўра байрам тадбири Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижроси билан бошланди.
Шундан кейин табрик учун сўз Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедовга берилди.
Бошқарма бошлиғи ўз нутқида сўнгги йилларда мамлакатимизда тинчлик осойишталикни таъминлаш борасида қўлга киритилган ижобий ютуқлар, ички ишлар органларида амалга оширилган туб ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида сўз юритиб, Давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш йўлида ўз жонидан кечган ички ишлар органлари ходимларнинг ёрқин хотираси касбдошлари хотирасида мангу сақланишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек бошқарма бошлиғи ўз нутқи давомида Ички ишлар Вазирининг байрам муносабати билан йўллаган табригини ҳам ўқиб эшиттирди.
Тантанали тадбир тақдирлаш жараёни билан давом этди. Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан байрам арафасида давлат мукофотлари билан тақдирланган подполковник Анвар Матчановга “Содиқ хизматлари учун” медали, майорлар Аброр Сапаев, Улуғбек Худайшукуров ва Жасур Юлдашевларга “Шухрат” медали ҳамда пандемия шароитида ўз бурчига содиқ қолиб, мамлакатимиз аҳолисининг соғлиги ва тинчлигини асраш йўлида бевақт ҳалок бўлган подполковник Жасур Матяқубовнинг оила аъзоларига “Жасорат” медали тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик нишони билан Хоразм вилояти ички ишлар органларининг бир гуруҳ фидойи ходимлари ҳам тақдирланишга муносиб кўрилди. Уларга ушбу эсдалик нишонлари иштирокчиларнинг олқишлари остида топширилди.
Ходимнинг эришган ютуқлари ва қўлга киритган ижобий натижаларини эътироф этиш уни келгусида янада шижоат билан хизмат қилишга ундайди. Шуни инобатга олган ҳолда байрам муносабати билан Ички ишлар Вазирининг буйруғига асосан бир гуруҳ ходимлар ва уларга ўзларининг бой ҳаётий тажрибасини ўргатиш билан устозлик қилиб келаётган соҳа фахрийларидан бир гуруҳи вазирликнинг кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари ҳамда махсус унвонлар билан тақдирланган бўлса, яна бир гуруҳ фидойи ходимлар вилоят ИИБ бошлиғининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти ва шахсий таркибининг доимий эътиборида бўлган фахрийлардан бир гуруҳига ва хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг яқинларига ҳам байрам совғалари улашилди.
Байрам тадбирига ички ишлар органларида узоқ йиллардан буён самарали хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналари таклиф этилиб, уларга фарзандини ватанга садоқат руҳида тарбиялаганликлари учун миннатдорчилик билдирилиб, байрам совғалари топширилгани эса иштирокчиларнинг чексиз олқишига сазавор бўлди.
Тадбир якунида тақдирланганлардан бир гуруҳи сўзга чиқиб, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва юксак эътироф ҳамда ишонч учун ўз ташаккурларини билдириб, келгусида Ватанга ва халққа садоқат билан қилишга тайёр эканликларини айтиб ўтдилар.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати