13 Ноябр 2021 йил 842

Бошқармада байрам шукуҳи: “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари”

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланган жорий йилда ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги тантаналари ҳам кенг нишонланмоқда.

Байрамона безатилган тантаналар мажмуасига Хоразм вилояти ички ишлар органларининг бир гуруҳ фидойи ходимлари, фахрийлари ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг яқинлари, шунингдек вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари таклиф этилди.

Байрам тадбирини бадиий сўз устаси Ўткир Муҳаммадхўжаев вилоятимиздаги сухандонлар билан биргаликда олиб боргани даврага ўзгача завқ бағишлади.

Дастлабки табрик учун сўз Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедовга берилди.

Бошқарма бошлиғи ўз нутқида сўнгги йилларда мамлакатимизда тинчлик осойишталикни таъминлаш борасида қўлга киритилган ижобий ютуқлар, ички ишлар органларида амалга оширилган туб ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида сўз юритиб, Давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш йўлида ўз жонини фидо қилган ички ишлар органлари ходимларнинг ёрқин хотираси касбдошлари хотирасида мангу сақланишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек бошқарма бошлиғи ўз нутқи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ички ишлар Вазирининг байрам муносабати билан йўллаган табрикларини ҳам ўқиб эшиттирди.

Тантанали тадбир тақдирлаш жараёни билан давом этди. Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан байрам муносабати билан  “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган подполковниклар Ғуломжон Шарипов ва Зафарбек Ибрагимов ҳамда катта сержант Хасанбой Аллаяровлар давлат мукофотларига сазовор кўрилганлиги билан яна бир бор муборакбод этилди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик нишони билан Хоразм вилояти ички ишлар органларининг бир гуруҳ фидойи ходимлари ҳамда ўзларининг бой ҳаётий тажрибасини ўргатиш билан устозлик қилиб келаётган соҳа фахрийларидан бир гуруҳи тақдирланишга муносиб кўрилди. Ушбу эсдалик нишонлари ҳам байрам кечасида тантанали равишда топширилди.

Шунингдек ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган ходимлардан яна бир гуруҳига Ички ишлар Вазирининг буйруғига асосан “Аъло хизматлари учун”, “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари ҳамда  “Фахрий ёрлиқ”лари топширилган бўлса, ана шундай фидойи ходимлардан яна бир гуруҳи вилоят ИИБ бошлиғи ва вилоят Ҳокимининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти ва шахсий таркибининг доимий эътиборида бўлган фахрийлардан бир гуруҳига ва хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг яқинларига ҳам байрам совғалари улашилди.

Хизмат вазифасини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг ёрқин хотирасига бағишлаб тайёрланган видеолавҳа уларга ҳамкасбларининг ҳурматини ифодалади десак муболаға бўлмайди. 

Ўзбекистон халк артистлари Оғабек Собиров, Ғафур ва Ғулом Эшчановлар, Гулора Раҳимова ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндори Бунёдбек Саидов, ИИВ Ашула ва рақс ансаблининг хушовоз хонандаси Дилсўз, шунингдек вилоятимиздаги эл суйган хонандалар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

“Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари” шиори остида бўлиб ўтган байрам тадбири барча иштирокчиларнинг хотирасига унутилмас онларни муҳрлаши билан биргаликда уларнинг Ватанга ва халққа садоқат билан қилишига маънавий куч берди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech