27 Ноябр 2021 йил 924

Бошқармада “Китоб тақдимоти”

Мамлакатимизда китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини янада ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБда “Ўзбекистон халқи хизматида”, “Эл-юрт осойишталиги генераллари”, “Ички ишлар органларининг мард ўғлонлари” ҳамда “Фахрийлар-фахримиз” номли китобларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирга ички ишлар органлари ходимлари, соҳа фахрийлари ҳамда лицей ўқувчилари таклиф этилди. Тақдимотни вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Асилбек Рахмонов очиб, мамлакатимизда бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишларига алоҳида эътибор берилаётганига тўхталиб ўтди ва мазкур тадбир ҳам анашундай эзгу ишларнинг узвий давоми эканлигини таъкидлади.

Тадбирда ИИВ Бирлашган касаба уюшмаси бош мутахассиси, юридик фанлари доктори, истеъфодаги полковник Абдуғофур Саттаров, ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти катта инспектори, подполковник Қабулжон Шокиров, ИИВ Академияси ўқитувчиси, доцент подполковник Қувониш Қодировлар сўзга чиқиб, ўқувчилар эътиборига хавола этилаётган ушбу китобларда мустақиллик йилларида ички ишлар органларида амалга оширилган ислоҳотлар, илғор тажриба ва ташаббуслар, ижобий ютуқлар, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш йўлидаги шарафли хизмат, шунингдек, соҳада узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, айни кунда мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи фахрийлар, хизмат бурчини бажариш чоғида қахрамонларча ҳалок бўлган ички ишлар ходимларининг мангу жасорати акс этганини таъкидлаб ўтишди.

-Бу каби тадбирлар китобга меҳр қўйган ҳар бир ўқувчи учун  чинакам шодиёнадир,-дейди вилоят ИИБ ходими, майор Юлдуз Ҳамдамова.-Чунки кишига китобдан азизроқ, ёқимлироқ суҳбатдош йўқ. У ёлғиз пайтингда ҳамроҳ, қайғули дамингда қадрдон дўстдир. Унинг билан юзлашган ҳар бир кун ғоят мазмунли, самарали ўтади. Шу боис, бу каби китоб тақдимотларини интизорлик билан кутаман ва шундай хайрли ишга бош-қош бўлаётган ички ишлар вазирлиги раҳбариятига миннатдорлик билдираман.    

Тадбир самимий мулоқот тарзида ўтди.

 

                                                           Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                   “Postda” мухбири.

                                                                    

Text to speech