6 Январ 2022 йил 580

Эксперт-криминалист фаолиятидан: Автомашинадаги бармоқ излари

Итнинг тинимсиз “вов”уллашидан хавотирланган Тожим (воқеа иштирокчиларининг исми-шарифи ўзгартирилган) шошилганча ташқарига чиқди. Атроф зимистон қоронғулик. У қўлидаги фанар билан аввал ҳовлини, кейинчалик эса сигирлари турган молхонани кўздан кечирди. Аммо ён-атрофда шубҳали ҳеч ким кўринмади. Кўнгли хотиржам тортган Тожим йўл бўйидаги жийда дарахтига суянганча сигарет тутата бошлади. Шу пайт заҳкашнинг нариги томонида турган автомашина чироғига кўзи тушди. У ҳали чекиб тугатмаган сигаретини оёғи остига ташлади-да, шу томонга шошилди. Ҳайдовчи автомашина капотини очиб, қўлидаги фанар билан двигателнинг носоз жойини топишга ҳаракат қиларди. Турли шубҳа-гумонларга борган Тожим салом-аликни ҳам унутиб, ҳайдовчини сўроққа тута бошлади.

-Кимсан, қаерликсан? Бемаҳалда биз томонларда нима қилиб юрибсан?!

-Шу ердан ўтиб кетаётгандим,-деди Қодир кутилмаганда ёнида пайдо бўлган кишига қараганча.-Машинам бехосдан юрмай қолди. Эскини тузатгунча, эсинг кетади, деб бекорга айтишмаган экан. Аҳён-аҳёнда мана шундай “қилиқ” чиқарадиган бўлиб қолди.

-Гапни айлантирма! Нима мақсадда келганингни яхши биламан! Сен хотинбознинг ақлини киритиб қўйиш керак!

Тожим ҳайдовчининг ёқасидан олиб, уни дўппослай бошлади. Кетма-кет урилган кучли зарбдан ўзини ўнглолмаган Қодир ерга йиқилди. Тунги зўравон бир нималарни тўнғиллаганча уни аямай тепкилади. Бироздан сўнг Қодирнинг овози чиқмай қолди. Шундан сўнг Тожим уйига қайтди ва бўлган воқеани отасига айтиб берди. Улар дарҳол ҳодиса жойига келишди ва ўзларини халоскорлардек кўрсатиб, “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилишди. Оғир тан жароҳати олган Қодир эса ногирон бўлиб қолди.

Оғир тан жароҳати олган жабрланувчи ўзига келгач, терговчига тунги зўравоннинг кимлиги ҳақида аниқ маълумот беролмади. Шундан сўнг тергов ва суриштирув ишлари бошлаб юборилди. Аммо жиноятга алоқадор бўлган гумондорлар ҳам, воқеани кўрган гувоҳлар ҳам йўқ эди. Тожим ва унинг отаси ҳайдовчига беминнат ёрдам берганлигини, бошқа ҳеч нимадан хабарлари йўқлигини айтишди. Шаҳар ИИБ ЭКГ катта эксперти, капитан Ҳурматбек Хўжаев аввал гумонланувчилардан,  сўнгра эса Қодир бошқарувидаги автомашинада қолдирилган қўл-бармоқ изларидан намуналар олди. Ушбу излар вилоят ИИБ эксперт-криминалистика бўлимидаги автоматлаштирилган таққослаш тизими базаси текширувидан ўтказилди. Натижада ушбу қўл-бармоқ изларидан бир нечтаси Тожимга тегишли бўлиб чиқди.

Гумондор сифатида ички ишлар бўлимига олиб келинган Тожим қилмишини тан олмасдан турли баҳоналарни ўйлаб топиб, терговчини чалғитмоқчи бўлди. Аммо дастлабки суриштирувларданоқ унинг хатти-ҳаракатида ҳамда кўрсатмаларида бир-бирини инкор этувчи холатлар сезилиб қолди. Терговчининг саволларига жавоб тополмай саросимага тушган зўравон қилмишини тан олишдан бошқа чора тополмади. Тунги зўравон қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилди. 

Хива шаҳар ИИБ эксперт-криминалистика гуруҳи ходимлари содир этилган жиноятларни тезкорлик билан аниқлашда ҳамда айбдорларнинг ўз қилмишига иқрор бўлишида бор билим ва касбий маҳоратларини ишга солишмоқда.     

-Ўтган 2021 йил давомида 85 маротаба ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, қўл-бармоқ излари бўйича 34 та эксперт-тадқиқот ишлари амалга оширилди,-дейди шаҳар ИИБ ЭКГ катта эксперти, капитан Ҳурматбек Хўжаев.-Содир этилган жиноятларга алоқадор бўлган излар орқали 6 та жиноят “иссиқ из”да фош этилди. Шунингдек, 200 маротаба тергов-тезкор ҳаракатларида, 331 маротаба тезкор-қидирув тадбирларида иштирок этдик. Натижада содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг қисқа фурсатларда фош этилишига эришилди.

Экспертлар томонидан амалга оширилган бу каби тадбирлар юртимизда қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

 

                                                                  Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                        “Postda” мухбири.

Text to speech