1 Июн 2020 йил 1382

Энг илғор гуруҳ командири

Кичик сержант Санъат Сабиров 1979 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган. Ҳарбий хизматдан қайтгач, 2005 йилнинг май ойидан Урганч халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўйича алоҳида батальонида гуруҳ командири лавозимида шартнома асосида хизмат қилмоқда. 2014 йилда миллий армиямизнинг таянчи ва суянчи бўлган сержантлар тайёрлаш мактабини тамомлаган.

— Кичик сержант Санъат Сабиров шахсий таркиб орасида тартиб-интизоми, хизмат мажбуриятини масъулият билан бажариши ҳамда жамоат ишларидаги фаоллиги билан ажралиб туради, — дейди батальон командирининг ўринбосари, подполковник Шерзод Баротов. — Гуруҳ командири сифатида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг касбий кўникмасини шакллантиришга, билим ва маҳоратини оширишга алоҳида эътибор беради. Қўл остидаги шахсий таркиб билан белгиланган тартибда суҳбатлар ўтказиб, уларнинг турмуш тарзи билан қизиқади. Жанговар топшириқларни бажаришда шахсий ташаббус кўрсатишга интилади. Хуллас, у батальонимизнинг энг фидойи ҳарбий хизматчиларидан бири. Шунингдек, энг илғор гуруҳ командири сифатида ҳам эътироф этилган.

Қаҳрамонимиз белгиланган ҳудудлар хавфсизлигини таъминлашда ҳушёрлик билан хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўз ташаббуси билан 5 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатини аниқлашга муваффақ бўлган ва белгиланган ҳудудларда жиноят содир этилишига йўл қўймаган.

У командирлик қилаётган ҳарбий хизматчилар гуруҳи зиммаларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш билан бир қаторда аэропорт ишчи-хизматчиларининг карантин қоидаларига риоя этишини, бино ва иншоотларнинг, масканларнинг санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари томонидан дезинфекция қилинишини доимий назорат қилишмоқда. Шунингдек, у ишчи-хизатчилар ўртасида коронавирус инфекциясининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган профилактик тушунтириш ишларида фаол иштирок этмоқда.

Text to speech